«Пандемия шароитида барча соҳа вакиллари, энг аввало, тиббиёт ходимлари зиммасига катта масъулият юкланди. Шифокорларимиз тун-у кун «жанг майдони»да бемор ҳаёти учун тинимсиз курашмоқдалар. Коронавирус инфекциясининг кечиш даражаларига қараб беморларга психологик таъсир бўлмаслиги учун, енгил ва ўрта даражада кечаётган касалликни уй шароитида даволашга ҳам рухсат берилди. Албатта, бунда беморнинг ҳолати малакали тиббиёт ходими томонидан назорат қилиниши, даво муолажалари ССВ томонидан тақдим этилган протокол асосида олиб борилиши талаб этилади.

Аммо ҳозирги кунда коронавирус инфекциясининг енгил ва ўрта даражадаги шаклини уйда даволашда ўта кучли дори воситаларидан фойдаланиб, касалликни даволаш ўрнига унинг янада авж олишига сабаб бўлаётган айрим «шифокор»ларимиз ҳам бор. Тавсия этилаётган дори воситалари рўйхатига назар солсак, «Дексаметазон», «Меропенем» каби, шунингдек, бир вақтнинг ўзида 3-4 хил гуруҳга мансуб «Амикацин», «Левофлоксацин», «Цефазолин сульбактам», «Цефаперазон» ва микробга қарши «Метронидазол» каби дори воситалари ҳам бир вақтнинг ўзида фойдаланилаётганини кўриш мумкин. Бу дорилар алоҳида ишлатилганда ҳам кучли восита ҳисобланиб, фақатгина Covid-19’нинг энг оғир даражаларида стационар шароитда ишлатиш тавсия этилади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев вазирлик матбуот хизматига бу ҳақда батафсил сўзлаб берди.

— «Дексаметазон» препаратини Covid-19’га чалинган беморларни даволашда ишлатиш тавсияси 2020 йил июнь ойида Буюк Британия олимлари томонидан таклиф этилди. Оксфорд университети расмий сайтида Covid-19 касаллигининг оғир ва ўта оғир даврида, фақатгина кислородга муҳтож бўлган ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган касалларга реанимация шароитида кунига 6 мг миқдорида 10 кун давомида бериш таклиф этилган. Эътиборли жиҳати, «Дексаметазон» дори воситасини фақатгина реанимация шароитида бериш тавсия этилади», деб расмий баёнотда аниқ белгилаб қўйилган.

«Дексаметазон» бу «Аспирин» ёки «Цитрамон» эмаски, уни хоҳлаган одам дорихонадан сотиб олиб, ўз билганича истеъмол қилса. «Дексаметазон» кучли яллиғланишга қарши ва иммунодепресант (иммунитетни туширувчи) синтетик гормонал дори воситаси. Ундан нотўғри фойдаланиш, аввало:

  • иммун тизимининг фаолиятини сусайтиради;
  • қандли диабет касаллигини келтириб чиқаради ва уни ривожлантиради;
  • ошқозон яра касаллигида қон кетиш хавфини оширади;