BBC шу ва шу каби коронавирусга оид куннинг бошқа хабарлари дайжестини келтирган. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйлаб коронавирусдан зарарланганлар сони 38,5 миллиондан ошган, қарийб 1,1 млн киши вафот этган.

Британия ҳукумати Лондон шаҳрини эпидемиологик вазият нисбатан ёмон бўлган ҳудудлар кирувчи тоифага ўтказди - яқинда мамлакатда жорий этилган уч даражали тизимга кўра, иккинчи тоифага «касалланиш хавфи ошган ҳудуд»лар киритилади.

Шанба кунидан эътиборан бир уйда яшамайдиган лондонликлар уйда, паблар ва ресторанларда учрашмаслиги керак. Очиқ кенгликда мулоқот қилиш мумкин, аммо бир жойда 6 нафардан ортиқ киши йиғилиши мумкин эмас.

Мамлакатнинг турли ҳудудларидаги яна олти шаҳар ва Эссекс графлиги тўлиқ иккинчи тоифага ўтказилган. Бунгача Манчестер ва Ливерпуль ушбу тоифада эди.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II эпидемия бошланганидан буён илк марта қироллик қароргоҳидан ташқаридаги маросимда иштирок этди.

Унга набираси, шаҳзода Уильям ҳамроҳлик қилди, қиролича коронавирусга қарши курашнинг турли методларини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатган олимлар гуруҳи билан учрашган. Бундан ташқари, улар Сергей Скрипаль ва унинг қизи 2018 йилда Солсберида «Новичок»дан заҳарланиши билан боғлиқ текширувларда ишлаган жамоа билан танишишган.

Қиролича ҳам, шаҳзода ҳам тиббий ниқобда бўлишмаган. Аммо учрашувга таклиф қилинган 48 кишининг барчаси Covid-19ни аниқлаш тестидан ўтганди. Букингем саройидагиларнинг ишонч билдиришича, қиролича хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилган.

Дунёдаги вазият
Франция полицияси ҳукуматнинг юқори мартабали амалдорларининг пандемияга қарши кураш ҳаракатларини текшириш доирасида уларнинг уйларида тинтув ўтказмоқда. Жумладан, уйига ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ташриф буюрганлар орасида соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран ва Франция Миллий жамоат саломатлиги агентлиги раҳбари Жером Саломон ҳам бор.

Расмийларга нисбатан текширув мамлакатда касаллик авж олганида суд қарори чиқарилиб бошланганди. Бунга Франция шифохоналарида индивидуал ҳимоя воситалари тақчиллиги юзага келгани, шунингдек, ўз вақтида зарур қарорлар қабул қилинмагани асос бўлганди. Шифокорлар ва Covid-19 қурбонига айланган фуқароларнинг яқинларидан кўплаб шикоятлар келиб тушган.