Россияда Удмуртия республикаси собиқ раҳбари Александр Соловьёв катта миқдорда пора олганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. У 2017 йил апрель ойида ҳибсга олинган ва шу куни республика раҳбари лавозимидан озод қилинган эди.

Удмуртия республикаси Завяловский туман суди республиканинг собиқ раҳбари Александр Соловьёвни катта миқдорда пора олишда айбдор деб топиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. У жазони қаттиқ режимли колонияда ўташи белгиланди. Шунингдек, 70 ёшли Соловьёв 275 миллион рубль (3,5 миллион доллар атрофида) миқдорида жаримага ҳам тортилди.

Удмуртиянинг собиқ раҳбари Россия жиноят кодексининг 290-модда 6-қисми (жуда катта миқдордаги пора олиш) бўйича айбдор деб топилди. У 2017 йил 4 апрелда ҳибсга олинган ва ўша йилнинг августида тергов изоляторидан уй қамоғига ўтказилган. Соловьёв ҳибсга олингач, «Россия президентига бўлган ишончни йўқотиш» айблови билан лавозимидан озод этилган.

Тергов маълумотларига кўра, Соловьёв 2014-2016 йилларда Удмуртия республикасида жойлашган Камбарка шаҳри яқинидаги Кама ва Буй дарёлари бўйлаб кўприк қураётган компаниялар вакилларидан 139 миллион рубль (1,7 миллион доллар атрофида) миқдорида пора олган. Шунингдек, у ушбу кўприкни қуриш ишида қатнашган компаниялардан бирида 2,7 миллион рубль қийматдаги улушга эга бўлган. Соловьёв олган поралари эвазига федераль ва минтақавий бюджетлар томонидан бажарилган ишлар учун тўловларни тўлаш, ер ости участкаларидан фойдаланиш учун лицензиялар ажратилишини таъминлаб келган.

Ҳибсга олингандан сўнг, ўша пайтда Соловьёв айбига иқрор бўлган, аммо 2020 йил январда ўтказилган суд мажлисида у ўзининг айбсизлигини айтган ва ҳибсга олинган пайтда нега айбини тан олганини изоҳлаган. Удмуртия республикасининг собиқ раҳбари устидан суд 2018 йил декабрда бошланган. Суд мажлиси Соловьёвнинг соғлиғида муаммолар юзага келгани учун бир неча марта кечиктирилган. Прокурор унга жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўташ шарти билан 13 йил жазо муддати тайинлашни сўраган.

«Ёшим 70 да, оғир касалман...»

Суд мажлисида Соловьёвнинг адвокати Галина Сбоева уни барча моддалар бўйича оқлашни илтимос қилган. Собиқ губернаторга сўнгги сўз берилганда у айбсизлигини билдириб, қамоққа чидамаслигини айтган ва оиласини катта миқдордаги жаримадан озод қилишни сўраган.

«Қамоқдалик вақтимда зарур дори-дармонларни умуман беришмади. Бундан ташқари оилам билан алоқа қила олмадим. Уйимдагиларга ёзган хатларим қамоқхонадан чиқмаган. Яқинларимнинг хати ҳам менга етиб келмаган. Мен ҳатто қизларим адвокат топганини ҳам билмаган эдим. Терговчилар даволанишим учун қилмаган жиноятимни тезроқ бўйнимга олиш кераклигига ишонтиришди. Соғлиғим ёмонлашиб қолгани учун шартларига кўнишга мажбур бўлдим.