ЭВЕРТОН – ЛИВЕРПУЛЬ (17 октябрь, 16:30)
Анчадан буён «Ливерпуль» дербиси Англия миқёсида бу қадар аҳамият касб этмаганди. Анчелотти бошчилигидаги «Эвертон» мавсумни жуда муваффақиятли бошлади – 4 ўйин, 100 фоизлик кўрсаткич. Жамоа ҳар ўйинда ўртача 3тадан гол урмоқда, мағлуб этилган рақиблар ичида «Тоттенҳэм» ҳам борлигини инобатга олсак, «Эвертон»нинг мақсадлари жиддий. Таркибда Динь, Гомиш, Аллан, Хамес каби ўз вақтида турли лигаларда чемпионлик учун курашган тажрибали футболчиларнинг борлиги жамоани янада салобатли қилади.

Аммо барибир тан олиш керак, ҳақиқий синов энди бошланяпти – яраланган «Ливерпуль» «кўклар» учун энг ашаддий рақиб. Ўзаро ўйинларда доимий     равишда «Ливерпуль» устун бўлгани, «Эвертон» дербидаги охирги ғалабасини ўн йил олдин қўлга киритгани ҳам кўп нарсани айтиб турибди. Шундай бўлса-да, бу тўқнашувлар анча кескин кечган, охирги 22 ўйиннинг ярмида дуранг қайд этилган. Шу дуранглардан бири икки йил олдин «Ливерпуль»ни деярли чемпионликдан маҳрум қилганди.

Таркиблар борасида мезбонларда муаммолар бор. Ғалабали ўйинларда асосий фигура бўлган футболчилар Динь ва Аллан майдонга тушиши сўроқ остида. Шунингдек, Йерри Мина ва Шеймус Коулменда ҳам кичик жароҳатлар бор. Агар санаб ўтилган футболчилар тикланиб улгуришмаса, Анчелотти ҳимоя чизиғини бутунлай янгилашига тўғри келади. «Ливерпуль»да эса, дарвоза чизиғида Алисон йўқлиги ўйинга қай даражада таъсир этишини ўтган ўйинда кўрдик. Бразилиялик посбон сэйвлари билан бўлмаса-да, ҳимоячилар билан яхши алоқа ўрнатгани билан муваффақият қозонганди. Адриан билан ҳимоячилар ҳам ишончсиз ўйин намойиш қилишди. Лекин вирусдан даволанган Мане ва Алькантара соғайиб, машғулотларга қайтишгани «қизиллар» учун яхши хабар. Наби Кейта эса, худди шу касаллик туфайли ўйинни ўтказиб юборади.

Мавсумни худди ўтган икки йилнинг давомидек бошлаб, ишончли ғалабаларни қўлга киритган «Ливерпуль» ўтган турда жуда оғир зарбани қабул қилиб олди. 2:7 ҳисобидаги мағлубият Клоппни уч очкосиз қолдириш билан бирга, ўйиндаги асосий камчиликларни очиб ҳам берди. «Эвертон» «Астон Вилла»нинг «шпаргалкаси»дан қандай фойдалана олади, кўрамиз.

НАПОЛИ – АТАЛАНТА (17 октябрь, 18:00)
Ҳеч нарса бўлмагандек, ўтган мавсумни давом эттираётган ҳақиқий жамоа, шубҳасиз, «Аталанта»дир. Бергамоликлар А Серияни уч ишончли ғалаба билан бошлашди, уч ўйинда 13 гол уришга муваффақ бўлишди. Одатда жуда қийин рақиб ҳисобланадиган «Торино» ва «Лацио» клублари сафарда мағлуб этилгани, ўтган мавсумнинг кашфиёт жамоаси «Кальяри» йирик ҳисобда «тиз чўктирилгани» жамоа яхши формада эканини далолат қилади. Бутун Европада топ-жамоалар айнан спорт формаси бўйича муаммоларга дуч келаётгани бир томонда, аммо «Аталанта»га улар каби, августнинг ўрталаригача еврокубокларда иштирок этгани умуман салбий таъсир кўрсатмаётгани ҳам жумбоқ.