Оқ уй Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланганига муносабат билдирди
Америка ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти Марказий Осиё минтақасида АҚШнинг янги стратегиясини амалга оширишга бағишланган брифинг ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотларига кўра, брифингда АҚШнинг расмий (Давлат департаменти, Савдо вазирлиги, Савдо вакили идораси, USAID) ва ишбилармон доиралари, экспертлар ҳамжамияти, оммавий ахборот воситаларидан 400га яқин киши иштирок этди. Марказий Осиё ва Кавказ институтининг раиси Фредерик Старр модератор бўлди.
Оқ уй раҳбари ёрдамчиси ўринбосари, Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директор Лиза Кертиснинг таъкидлашича, 2020 йил февраль ойида Қўшма Штатлар сўнгги йилларда юз берган ўзгаришларга асосланиб, Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг стратегик мақсади ҳар бир мамлакат ўз миллий мақсадларини амалга оширишига қодир бўлган барқарор ва хавфсиз минтақани ривожлантиришга кўмаклашишдир.
Лиза Кертиснинг айтишича, Вашингтон Марказий Осиёни қўшни давлатлардаги Америка манфаатлари билан боғлиқ бўлмаган мустақил геостратегик минтақа сифатида кўради. Шу тариқа, ушбу мамлакатларнинг суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашдан ташқари, Қўшма Штатларнинг асосий стратегик мақсадлари Марказий Осиёда яқин ҳамкорлик ва минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш учун террористик таҳдидлар даражасини пасайтиришни ўз ичига олади. Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Афғонистонни тинчлик жараёни ва минтақа билан иқтисодий интеграцияни ривожлантиришда қўллаб-қувватлаб, АҚШ учун инвестициявий жозибадорлигини оширади.
Оқ уй вакили қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари АҚШ учун Марказий Осиёда устувор вазифа эканлигини таъкидлади. Вашингтон ҳукумат эътиборини долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратиб, кенг аҳоли манфаатларини ифода этувчи фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш жараёнини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
Лиза Кертиснинг сўзларига кўра, АҚШ минтақа мамлакатларида ислоҳот ва ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширмоқда, бунда инсон салоҳиятига ва институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга эътибор қаратилган. Вашингтон диний эркинликни қўллаб-қувватлайди, ҳуқуқий ва маъмурий ислоҳотларни рағбатлантиради ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ривожланишига ёрдам беради.
Қўшма Штатлар бу борада баъзи ижобий ўзгаришларни кўрмоқда. Ўзбекистон ҳуқуқ ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш борасида катта ютуқларга эришди, бу эса бутун минтақада ўзгаришларга ижобий туртки беради.
Элчихонанинг хабар беришича, АҚШ президенти ёрдамчисининг ўринбосари Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини олқишлаган.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш ва диний эътиқод эркинлигини таъминлаш каби муҳим ислоҳотлар олиб борилмоқда. АҚШ сўнгги икки йил ичида республика сезиларли ютуқларга эришганини кўрмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи, шунингдек, икки мамлакат олий делегацияларининг ўзаро ташрифлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижобий тенденцияларга ҳисса қўшди. Лиза Кертис Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида ўз салоҳияти билан ижобий роль ўйнашига ишонч билдирди.
Мавзуга оид
15:44
АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024