Жаҳон | 12:58 / 20.10.2020
62533
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда энг йирик коррупционер қўлга олинди. У мамлакатдан 700 млн доллардан кўпроқ маблағни олиб чиқиб кетган

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизмати Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Фото: knews.kg

Kloop нашрининг махсус хизматга таяниб хабар беришича, 2016 йилдан буён Матраимов ва бошқа мансабдор шахслар Давлат божхона хизмати тизимида «божхона маъмуриятчилигидан яширин даромад олиш мақсадида» коррупцион схемани йўлга қўйган.

«Коррупцион схема давлатга жуда катта миқдорда зарар етказди, аммо МХДҚ зарарнинг аниқ миқдори тўғрисида ҳали хабар бермади. Ҳозирда МХДҚ давлатга етказилган зарарнинг ҳажмини ўрнатиш ва божхона хизматида коррупцион схемага алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш мақсадида тергов олиб бормоқда», - дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, Раимбек Матраимов «Клооп», «Азаттиқ» ва OCCRP журналистларининг Қирғизистондан 700 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағни олиб чиқиш бўйича олиб борган текширувида асосий шахслардан бири ҳисобланади. 

2019 йил май ойида «Азаттиқ» Қирғизистондан 700 миллион долларни олиб чиқиб кетиш ва бунга Раимбек Матраимовнинг алоқадорлиги тўғрисида суриштирув ўтказди. Кейинчалик, Матраимовлар оиласи маблағларнинг олиб чиқиб кетилишига алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни рад этди, молиявий полиция эса журналистларнинг далилларини текшириб, Матраимовларнинг мол-мулки чет элда топилмагани ҳақида баёнот берди. 

2019 йилнинг кузида OCCRP, «Азаттиқ» радиоси ва Kloop «Кланлар, коррупция ва Ипак йўлидаги контрабанда» номли журналистик суриштирувни эълон қилди. Унда хитойлик тадбиркор Ҳабибулла Абдуқодирнинг Қирғизистоннинг нуфузли амалдори Раим Матраимов билан алоқалари ҳақида сўз боради.

Журналистларга ахборот берган Айеркен Саймаити мамлакатдан 700 миллион доллардан ортиқ маблағни ноқонуний равишда олиб чиқиб кетганини тан олган ва коррупция тармоғи ўша пайтдаги Божхона хизмати раиси ўринбосари Раим Матраимов ёрдамида ташкил этилганини маълум қилганди. Шундан сўнг, Саймаити қотиллик қурбонига айланди.

Яқинда Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Садир Жапаров қирғиз халқига мурожаат билан чиқди. У Матраимов ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Аввало, биз Қирғизистондан 700 миллион долларни олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги ишга нуқта қўямиз, асосий гумондор Матраимов ва бошқа коррупционерлар эса жавобгарликка тортилади. Тегишли кўрсатмалар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига берилган, биз ушбу иш натижаларини яқин вақт ичида тақдим этамиз», - деди у.

Садир Жапаровнинг таъкидлашича, «коррупцияга қарши кураш - бу тўлиб кетган қамоқхоналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг чексиз ваколати, дегани эмас».

«Коррупцияга қарши кураш ҳамма учун бир хил ишлайдиган аниқ ва содда қонунлардир», - дея хулоса қилди у. 

Мавзуга оид