21 октябрь куни Сенат ялпи мажлисида қийноққа солиш ва бошқа ғайриинсоний муомалани қўллаш билан боғлиқ жиноятлар масаласида Бош прокуратура ва ИИВга юборилган парламент сўрови натижаси кўриб чиқилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмаҳматовнинг маълум қилишича, у ишлаётган идорага 2020 йилнинг 9 ойи мобайнида қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар билан боғлиқ 242та мурожаат келиб тушган.
«Ўтган 9 ойда прокуратура органларига ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида 2323та ариза ва хабарлар келиб тушган. Шундан 242таси, яъни 10 фоиздан кўпроғини қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилингани ҳақидаги мурожаатлар ташкил этган.
Шу йилнинг ўтган даври мобайнида 11 нафар ички ишлар ходими қийноққа солиш билан боғлиқ жиноятларда айбланиб судга берилди.
Бош прокуратура бошқа тегишли идоралар билан биргаликда қўшма қарор қабул қилиб, унда шахснинг ҳуқуқини чеклайдиган процессуал мажбурлов чоралари, яъни ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи, лавозимидан четлаштириш каби чораларни қўллаш ҳолатларини янги электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб бориш мажбурийлиги белгилаб қўйилди. Эндиликда шахсга қўлланиладиган ушлаб туриш чораси тизимга киритилмаган тақдирда тергов ҳибсхонаси ва вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Шу каби жиноятларга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг ягона электрон тизими ҳисобини юритиш имконини берувчи дастур яратилиб, ҳозирги кунда уни барча идораларга жорий қилиш чоралари кўрилмоқда», – дея Абдуҳалим Холмаҳматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура 4та қонун ва 1та фармон лойиҳасини ишлаб чиқиб, Президент администрациясига тақдим қилган. Бу лойиҳаларда инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид қатор таклифлар берилган.
Шундай таклифлардан бири – махсус ваколатли орган – Қийноқнинг олдини олиш қўмитасини ташкил этишдир.
Ялпи мажлисда маълум қилинишича, ИИВ томонидан Сенат қарори ижросини таъминлаш бўйича алоҳида чоралар тасдиқланиб, ижрога қаратилгани, хусусан, БМТнинг 1984 йилдаги Конвенцияси ва Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича янги тартиб йўлга қўйилган.








