Ўзбекистон | 08:00 / 24.10.2020
5680
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙТҲ рўй бериши эҳтимоли юқори бўлган йўл қисми ҳақида огоҳлантириш белгиси жорий этилиши мумкин

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хорижий тажрибага асосланиб, янги – “ЙТҲ содир бўлиши эҳтимоли юқори бўлган йўл қисми” йўл белгисини жорий этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганмоқда. 

ИИББ хабарига кўра, мазкур йўл белгиси ҳайдовчи ва пиёдаларни йўл-транспорт ҳодисалари эҳтимоли юқори бўлган йўл қисмига яқинлашиб келаётгани ҳақида огоҳлантиради. Маълум йўл қисмининг хавфлилиги статистик маълумотлар ва мавжуд шароитларни (йўл қопламаси, кўринишни тўсувчи йўл четидаги дарахтлар, бино ва иншоотлар) инобатга олган ҳолда баҳоланади. Йўл-транспорт ҳодисалари рўй бериши эҳтимоли юқори бўлган йўл қисмларига ўтган чорак давомида уч мартадан кўп ЙТҲ рўй берган ҳудудлар киритилади. 

Янги огоҳлантириш белгиси четлари қизил ранг билан чегараланган ва ўртасида қора рангли нуқта бўлган оқ рангдаги учбурчак кўринишида бўлиши кутилмоқда. Унинг остида тўртбурчак шаклда икки автомобилнинг тўқнашуви ёки автомобиль ва пиёда иштирокида ЙТҲ акс этган расмли изоҳ берилган белги ўрнатилади.      

Белги хавфли ҳудуддан 100-150 метр олдин ўрнатилади. Натижада, йўл ҳаракати қатнашчиларида чора кўришлари учун вақт бўлади. Ҳайдовчи тезликни пасайтириши, ҳаракатларни эҳтиёткорлик билан амалга ошириши зарур бўлади. Пиёдадан эса йўлни эҳтиёт бўлиб кесиб ўтиши талаб этилади.

Мавзуга оид