Жаҳон | 00:15 / 26.10.2020
24794
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Беларусда умуммиллий иш ташлаш бошланишини эълон қилди  

Фото: Reuters

Беларуслик мухолифатчи Светлана Тихановская 26 октябрдан Беларусда умуммиллий иш ташлаш бошланишини эълон қилди. Унинг айтишича, ҳокимият “Халқ ультиматуми куни”да одамларнинг талабини бажармади.

“26 октябрда умуммиллий иш ташлаш бошланади. Беларуслар уларнинг сўзлари қонун эканлиги учун буни амалга оширишади. Бунда бизга бош тинч қуролимиз – бирдамлигимиз ёрдам беради”, – деб айтилган Тихановскаянинг баёнотида. 

Тихановская иш ташлашларни қуйидаги шиор остида ўтказишни таклиф қилган: “Мен нафақат ўз ишимни тўхтатаман, мен қонунсизлик ва адолатсизликни тўхтатаман”.

Тихановская нафақат ишга чиқмасликка, балки йўлларни тўсишга, давлат дўконларида харидлар амалга оширмасликка, давлат хизматлари ва сервисларидан фойдаланмасликка чақирган.

Мухолифатчи 25 октябрда Беларусда ўтган норозилик намойишларида шовқин гранаталари қўлланганини таъкидлаб ўтган. Унинг фикрича, бу “тузум ҳақиқатни гапиришга, ўз сўзларига жавоб беришга ва одамлар талабини бажаришга тайёр эмас”лигидан дарак беради. “Демак, бу тузум беларусь халқига муносиб эмас. Демак, бу тузум ҳокимиятни йўқотади”, – деб қўшимча қилинган баёнотда.

Аввалроқ Тихановская Беларуснинг амалдаги раҳбариятига бир нечта талаб қўйганди. Уларга кўра, президент Александр Лукашенко истеъфога кетиши, барча сиёсий маҳкумлар озод қилиниши ва куч тузилмалари зўравонликлари тўхтатилиши керак.

Ушбу талабларни бажаришга 25 октябргача муҳлат берилган. Тихановская таъкидлаганидек, агар бу юз бермаса, 26 октябрдан оммавий иш ташлашлар ва йўлларнинг тўсилиши бошланади.  

Беларусь пойтахти Минск ва бошқа шаҳарларда 25 октябрда мамлакатда ўтган президент сайловлари натижаларига норози бўлганларнинг “Халқ ультиматуми куни” бўлиб ўтди. “Нехта Live” Telegram-канали ҳисоб-китобига кўра, кўчаларга 100 мингдан кўпроқ киши норозилик билдиргани чиққан. Куч тузилмалари уларга қарши махсус воситалар қўллаган, 100дан кўпроқ киши ушланган.

Мавзуга оид