Жаҳон | 09:19 / 27.10.2020
3809
2 дақиқада ўқилади

Honda 2022 йилдан Европада дизель автомобилларини сотишни тўхтатади

Япониянинг Honda компанияси ўз автопаркини электрлаштириш бўйича стратегияси доирасидаги илк қадамни қўйди – Honda Британияда дизель автомобиллари савдосини тўхтатади. Компания Европада фақат гибрид ва электр транспорт сотади, 2022 йилдан эса тўлиқ электромобиллар сотишга ўтади.  

Фото: autoleak.ru

Electrek нашри маълумотларига кўра, Honda дастлабки режасига кўра, ички ёнув двигателига эга автомобилларидан 2025 йилга қадар воз кечмоқчи бўлган, бироқ ҳозирда ўз стратегиясини қайта кўриб чиқиб, буни 3 йил олдин амалга оширишга қарор қилди

Honda Европада дизель моторлар ишлаб чиқаришни 2022 йилгача давом эттиради. Бироқ бундай двигателли автомобиллар савдоси Британияда яқин ҳафталарда тўхтатилади. Кейинчалик компания ўз эътиборини тўлиқ электромобиллар ва гибридларга қаратади. 

Ҳозирда Honda Европада 2та гибрид модель - CR-V ва Jazz ҳамда тўлиқ электрлаштирилган Honda e моделини ишлаб чиқармоқда. CR-V 2017 йилда тақдим этилган ихчам кроссовер бўлиб, унинг куч қурилмаси учта режимда – фақат электр тортиш кучида, фақат ички ёнув двигателида ҳамда икки двигателнинг биргаликдаги режимида ишлайди. Jazz модели 5 эшикли хэтчбек бўлиб,  2010 йилда тақдим этилган ҳамда CR-V каби имкониятларга эга.

Honda e электр хэтчбек бўлиб, 2019 йил сентябрида Франкфурт автосалонида тақдим этилган ва унга Германия, Англия, Франция ва Норвегияда 40 мингдан кўпроқ буюртма олинган. Honda e электромобили Nissan Leaf и VW ID.3 электр моделларининг рақобатчиси ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид