Фармон билан қуйидаги ҳужжатлар тасдиқланди:
- Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати;
- Корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;
- Хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари рўйхати;
- Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати;
- Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати.
Молия вазирлигида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилмоқда.
2020 йил 1 декабрга қадар рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференциялар хатловдан ўтказилиб, уларни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳаси Президенти Администрациясига киритиш белгиланди.
Худди шу муддатгача, трансформация қилинадиган ва корпоратив/молиявий аудит жорий этиладиган корхоналар фаолият юритадиган соҳаларда бозор муносабатлари тамойилларига тўлиқ ўтиш, рақобат муҳитини шакллантириш ва хусусий секторни жалб қилиш чоралари ишлаб чиқилади.
2021 йил 1 июлга қадар бу тоифадаги корхоналарнинг барча инвестиция лойиҳалари хатловдан ўтказилиб, бошланмаган ҳамда молиявий манбалари аниқ бўлмаган лойиҳалар тўхтатилади.
2021 йил 1 январга қадар «Ўзагросервис» ва «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятлари фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, уларнинг фаолиятини бозор тамойиллари асосида йўлга қўйиш ва соҳада хусусий секторни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.















