Туркий тилли давлатлар вазирлари пандемия билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилмоқда
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши соғлиқни сақлаш соҳасида мувофиқлаштирувчи илмий қўмитаси йиғилишининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Туркия, Венгрия, Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлари қатнашаётган йиғилишда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда. Шунингдек, мазкур тадбирга ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ҳанс Клюге ҳам ташриф буюрган.
Маросимни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг бош котиби Бағдат Амреев очиб берди.
Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби Истанбулдан хабар беришича, тадбирда Алишер Шодмонов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва бунда халқаро жамоатчилик, жумладан, Туркия билан тизимли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаган.
ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ҳанс Клюге ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Қовжа ўз нутқларида Ўзбекистоннинг пандемияни жиловлаш борасидаги ҳаракатларига ижобий баҳо бериб, қисқа фурсатларда касалликка чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган шифохоналар қуриб битказилгани, Covid-19’га гумон қилинганларни саралаш ва тақсимлаш тизими яхши йўлга қўйилгани, вирусга қарши қўлланаётган қатор дори воситалари ва тиббий буюмлар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилаётгани Ўзбекистоннинг салоҳиятидан дарак беришини эътироф этишди.
Ушбу муҳим йиғилишнинг асосий мавзуси – шу кеча-кундузда дунёнинг энг долзарб муаммоси бўлиб турган коронавирус пандемиясига қарши курашишда минтақалараро ҳамкорлик, янги вирус бўйича тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашиш, қардош халқлар соғлиқни сақлаш тизимлари ўртасида шу ва бошқа масалаларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларидир.
Ушбу илмий анжуман кун тартибида:
- коронавирус инфекциясини ташхислаш ва даволаш;
- оғир аҳволдаги беморларни парваришлаш;
- вирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш;
- эпидемиологик вазиятни бошқаришда электрон тизимларни жорий қилиш;
- Covid-19’га қарши вакцинация жараёнларида биргаликда ҳаракат қилиш каби масалалар муҳокама қилинади.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024