Дания

Скандинавия мамлакатлари доимий равишда ҳар бир кўрсаткичнинг юқори даражаларини эгаллаб келади. Дания эса улар орасида биринчи ўринда туради. 2017 йилда Дания ижтимоий ривожланиш индексининг «Инсоннинг асосий эҳтиёжлари» тоифасидаги кўплаб мавзуларида, фуқароларнинг овқатланиш ва соғлиққа бўлган эҳтиёжларини қондиришда деярли мукаммал даражани қўлга киритган.

Даниядаги ижтимоий тизим бюрократияга эмас, ишончга асосланган. Ҳатто Германияда ҳам ходимлар ва талабалар ўз бетобликларига исбот сифатида доктордан маълумотнома олишлари керак бўлса, данияликлар касал бўлишганида иш жойига қўнғироқ қилиб, ишга боролмаслигини айтиб қўйиши кифоя қилади. Данияда ҳаёт Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда қимматроқ. Шунингдек, Дания ЕИдаги энг юқори солиқларга эга. Мамлакатда хизматлар айнан мана шу солиқлардан субсидияланади.

Данияликлар дўстлари билан биргаликда суҳбатлашишни ва шам ёруғида тамадди қилишни жуда яхши кўрадилар. Чет эллик талабалар эса молиявий ёрдам ва бепул тил курсларида таҳсил олиши мумкин.

Янги Зеландия

Индекслар рейтингида Австралия ва Янги Зеландия ёнма-ён юради. Лекин Янги Зеландия сиёсий барқарорлик, асосий ҳуқуқларнинг ривожланиши, зўравонлик ва терроризмнинг камлиги бўйича Австралиядан олдинда бормоқда.

Янги Зеландия 1893 йилда аёлларга овоз бериш ҳуқуқини берган биринчи мамлакат ҳисобланади. Бундан ташқари, ёлғиз оналар, вояга етмаган болалар, талабалар ва қариялар учун мўлжалланган кўплаб ижтимоий ёрдам ва хизматлар мавжуд.

Канада

АҚШ ва Канада ҳам барча кўрсаткичлар бўйича юқори ўринларни эгаллайди. Шунга қарамасдан, Канада сиёсий барқарорликнинг мавжудлиги, зўравонлик ва терроризмнинг камлиги жиҳатидан Америкага қаранганда юқори кўрсаткичларга эга. Канада овқатланиш ва соғлиқ, асосий билимлар ва шахсий ҳуқуқлар борасида Скандинавия мамлакатларидан қолишмайди. Шунингдек, канадаликлар адолатлилиги билан ҳам танилган.

Япония

Жаҳон банкининг ҳукумат самарадорлиги, қонун устуворлиги ва сиёсий барқарорлик кўрсаткичлари бўйича Япония Осиёдаги энг юқори рейтингга эга мамлакатдир. Осиёда ижтимоий ривожланиш индексида, асосий маълумотлардан фойдаланиш, сув ва санитария, овқатланиш ва соғлиқни сақлаш хизматлари бўйича биринчи ўринда туради.

Японлар ижтимоий ва давлат хизматларига катта аҳамият беради. Ҳар бир инсон тиббий суғуртага эга. Тўловлар иш ҳақи билан боғлиқ ва тўғридан тўғри иш ҳақидан ушлаб қолинади. Аммо ҳар ким хоҳлаган шифокорига мурожаат қилиши мумкин ва ушбу хизматларга бир хил миқдорда нарх ўрнатилган. Шунингдек, дунёдаги энг яхши онколог шифокорлар Япониядадир.