Тошкент шаҳар маъмурий судида «UzAuto Motors» АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, компания тижорат сирига оид, шунингдек, судга тақдим этилган махфий ҳужжатлар муҳокамаси ёпиқ суд тартибида ўтказилгандан сўнг, суд яна очиқ мажлисда муҳокамани давом эттирди.

Дастлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили Сардор Отамурадов судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, мазкур ишнинг якуний натижасидан манфаатдор истеъмолчилар ҳамда «Azim avtomotive» МЧЖни мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида судга жалб қилишни сўради. Прокурор илтимосномани қўллаб-қувватлаб, жавобгар илтимосини қаноатлантиришни сўради. Аммо судья Ғолиб Давлатов илтимосномани рад этди.
Шу орада судга номаълум шахс кириб келиб, «UzAuto Motors» ишида гувоҳ сифатида чақирилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, суд котиби телефон қўнғироғи орқали уни гувоҳликка чақирган. У қўлида бўлган қоғозни судьяга топширди. Судья Давлатов қоғоз билан танишиб чиққач, ушбу шахсни суд мажлисини кузатиб ўтириши мумкинлигини тушунтирди, аммо у зални тарк этди.
Кейинроқ судья Ғолиб Давлатов залга кириб келган кишининг шахсига аниқлик киритиб, у «UzAuto Motors»га мурожаат қилгани, жавобдан норози бўлган тақдирда юқори турувчи органга мурожаат этиши мумкинлиги баён этилган хатни судьяга тақдим этганини билдирди.

Сардор Отамурадов судга иккинчи илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда «UzAuto Motors» АЖ вакили Наргиза Отахонованинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўради. Яъни суднинг ўтган иккинчи йиғилишида Отахонова нутқ ирод этиб, сўзларида қўмитанинг маълумоти сохта эканини билдирганди. Отамуродов айнан шу Наргиза Отахонованинг сўзи юзасидан судья ҳуқуқий баҳо бериб ўтиши шартлигини эслатди. Мазкур илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралгач, суднинг якуний ҳал қилув қарори эълон қилинганда тушунтириш берилиши маълум қилинди. Якунда эса Отамуродовга ушбу масала юзасидан асослантирувчи далил ва исботлар билан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат этиши тушунтирилди.

















