Самарқандда иккинчи марта анъанавий «Samarkand Half Marathon» яриммарафони ўтказилди. Тантанали руҳда ўтказилган мусобақада амалда энг тажрибали спортчи сифатида қатнашган олимпиада ўйинлари иштирокчиси Андрей Петров ғолиб бўлди.

Андрей Петров маррага биринчи бўлиб кириб келмоқда.

Марафоннинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов барча иштирокчиларни табриклаб, нутқ сўзлади. Охирги вақтларда Самарқандда байрамона тадбирлар кўп бўлмоқда ва шу сабаб ташкилотчилик юқори даражада бўлди. Ахир Самарқанд туристик тадбирлар ўтказишда тобора тажрибали бўлиб бормоқда.

Биргина 18 октябрдаги Самарқанд кунида кўплаб туристик объектлар очилди ва ўшанда ҳам худди яриммарафонда бўлгани каби ташкилотчилик ишлари Туризм қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилганди. Пандемия қачондир тугайди ва ҳаёт ўз изига қайта бошлаганда бундай ишлар ўз самарасини бериб, Самарқандга сайёҳлар оқими янада ошади. Шу ўринда таъкидлаш керак, пандемиягача Самарқанд сайёҳлар ташрифи бўйича янгидан-янги рекордларни янгилаб келаётганди. Бироқ коронавирус тўлқини иқтисодий тармоқлардан, энг аввало, туризмга жиддий таъсир кўрсатди. Бироқ кейинчалик ҳам сайёҳлар Самарқанд иқтисодиётида катта ўрин тутишини инобатга олсак, пандемия вақтида ҳам туристик салоҳиятга эътибор берилаётгани, шубҳасиз, ўз самарасини беради.

«Тоғда шуғуллангандик, самарасини берди...»