Эътиборингизга энг эътиборли ва ҳал қилувчи жуфтликлар ўртасидаги тўқнашувлар анонсини ҳавола этилади. Айтиш мумкинки, қоғозда фаворит саналган бу жамоаларнинг баъзиларини баҳорда бу турнирда кўрмаймиз.

«РЕАЛ» – «ИНТЕР» (4 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Бу жамоалар охирги марта Европа майдонида тўқнаш келишганида, ҳали ўтган аср эди. Гуруҳ босқичида «Интер»га ғалаба келтирган голларни Роберто Баджо урганди, дейилса, балки янада кўпроқ вақт ўтгани ҳис қилинар...

Хуллас, бу сафар сал бошқача – гуруҳнинг асосий фаворитлари сифатида тилга олинган икки суперклуб жуда қийин аҳволда қолди, шу даражадаки, агар мана шу икки ўйиндан ҳеч бўлмаса биттасида ғалаба қозона олмаса, гуруҳдан чиқиш масаласи ёпилади. «Интер» икки ўйиндан 2 очкога эга, «Реал»да эса атиги бир дуранг. Нариги жуфтликда «Шахтёр» ва «Боруссия» куч синашиши ва улардан бири яхшироқ ҳаракат қилиб, ўзиб кетишини ҳисобга олсак, «Интер»да ҳам, «Реал»да ҳам катта босим турганини пайқаш қийин эмас. 

Ўйинга мадридликлар бироз яхшироқ формада келаётганларини айтиш мумкин. Рамос қайтди, Азар майдонга туша бошлади ва ҳатто «Уэска» дарвозасига чиройли гол ҳам урди. Эл Классикодаги ғалабага ҳам кўп бўлгани йўқ – хуллас, дастлабки ўйинни ўз майдонида ўтказадиган «Реал» натижаларини ўнглай бошлаган.

«Интер»да эса, аксинча – охирги беш ўйинда атиги бир марта, «Женоа»га қарши ўйинда ғалаба қозонилди, холос. Икки ўйинда бир хил – 2:2 ҳисоби қайд этилди, қизиғи, ҳар иккисида ҳам миланликлар сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолишди. Августда бешта гол урилган «Шахтёр» дарвозасига йўл топилмади. Бунинг устига, аксарият ўхшамаган ўйинларда ҳам индивидуал маҳорати эвазига жамоани қутқариб келган Ромелу Лукаку дастлабки ўйинни ўтказиб юбориши мумкин. Лукакудан ташқари, Весино ва Сенси ҳам жамоага ёрдам бера олишмайди. Алексис Санчес эса бу ўйинга қайтиши кутилмоқда.

Мезбонлардан Карвахал, Начо, Одриосола ва Милитао каби ҳимоячилар майдонга туша олмайди, лекин Рамоснинг қайтгани ҳимояда хотиржамлик олиб келса керак.

Тахминий таркиблар:
«РЕАЛ»: Куртуа, Менди, Варан, Рамос, Марсело, Каземиро, Вальверде, Кроос, Азар, Асенсио, Бензема.
«ИНТЕР»: Ханданович, Д’Амброзио, Де Врей, Коларов, Ҳакими, Янг, Брозович, Видаль, Барелла, Перишич, Лаутаро

«