Ўзбекистон | 12:43 / 04.11.2020
83801
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқда юзлаб кишилар тўплангани акс этган видео тарқалди. ОКМК вазият бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти биноси олдида кўплаб одамлар тўплангани акс этган видео тарқалди. Маълумотларга кўра, юзлаб кишилар комбинатга ишга қабул жараёни кетмоқда деб ўйлаб шу ерга келишган. ОКМК биноси олдида нафақат олмалиқликлар, балки, Оҳангарон, Пискент, Бўка ва Бекобод туманларидан ҳам келганлаp борлиги айтилган. 

Kun.uz мухбири мазкур видео юзасидан аниқлик киритиш мақсадида ОКМК ахборот хизмати билан боғланди. Берилган расмий муносабатга кўра, бугун «Металлург» маданият саройи ҳудудида Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги томонидан шаҳардаги корхона ва ташкилотлар иштирокида «Бўш иш ўринлари Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилган. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган мазкур тадбирда Олмалиқ шаҳар сектор раҳбарларининг сайёр қабули ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Лекин қабулда аҳоли сони ва мурожаатлар кўплиги инобатга олиниб, карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ҳозирда ушбу меҳнат ярмаркаси шаҳар корхона-ташкилотлари ва тижорат банклари иштирокида «Ёшлар боғи»га кўчирилган.

Айтиш мумкинки, видеода акс этган ҳолат юзасидан аниқ бир маълумот берилмади. 

Маълумот учун қайд этиш жоизки, 2019 йилда комбинатга 2 500 нафардан ортиқ фуқаро ишга қабул қилинган бўлиб, уларнинг 1 805 нафарини ёшлар ташкил этади (шундан 321 нафари қизлар). Шу жумладан, 660 нафари аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази квота йўлланмасига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига кирувчи шахслардир. Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар 787 киши ишга қабул қилинган бўлиб, уларнинг 738 нафарини ёшлар ташкил этади (шундан 158 нафари қизлар). 

Шунингдек, жорий йилнинг 31 октябрь куни «Металлург» маданият саройида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг 142 киши комбинатга ишга қабул қилинган. Маълумки, ОКМК АЖда йирик инвестиция лойиҳалари жадаллик билан амалга оширилмоқда. «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида янги объектлар, хусусан, 3-МБФ қурилиши муносабати билан комбинатда 10 мингта иш ўрни босқичма-босқич очилади. 

Бугунги меҳнат ярмаркасида ёшларнинг мурожаатлари ўрганилиб, келгусида комбинатда очилиши режалаштирилган янги иш ўринларига қабул масалалари кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид