Давлат раҳбари ўз нутқида ЭКСПОдек йирик тадбирнинг ўтказилаётгани Хитойнинг миллий иқтисодиётни тиклашда эришаётган муваффақиятларидан ҳамда кенг кўламли халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ниҳоятда зарур эканидан далолат беришини таъкидлади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон президенти глобал инқироз шароитида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни либераллаштириш, ташқи савдо режими ва экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш, норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, «яшил йўлаклар»ни шакллантириш, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш, янада қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида изчил кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини кенгайтириш муҳим устувор йўналиш бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон минтақавий ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш учун кенг истиқболлар очиб бераётган «Бир макон, бир йўл» ташаббусини фаол қўллаб-қувватлаётгани, Марказий Осиё, Буюк ипак йўли даврида бўлганидек, Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит йўлакларининг ҳабига айланиши мумкинлигига ишонч билдирилди.
Марказий ва Жанубий Осиё темир йўллари тизимларини боғлайдиган янги транспорт йўлакларини яратиш борасидаги ташаббус катта аҳамиятга эга экани, бу Евроосиё қитъасидаги қуруқлик транспорти тизимини туташтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу муносабат билан давлат раҳбари мамлакатимиз Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон янги мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳасини тезлаштириш тарафдори эканини қайд этди.
Бундан ташқари, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида «қуруқликдаги портлар», логистика ва улгуржи-дистрибьюторлик марказларининг интеграциялашган тармоғини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш таклиф этилди.
Ушбу ташаббусларнинг аҳамиятини ҳисобга олиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифи шериклар ва халқаро ташкилотлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишига умид билдирилди.
Ўзбекистон саноат кооперациясини фаол ривожлантириш, биринчи навбатда, минерал-хомашё ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва экспорт бозорларига чиқиш учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма корхоналар ташкил этишга тайёр экани қайд этилди.
















