Ўзбекистон | 07:52 / 06.11.2020
8933
2 дақиқада ўқилади

2021 йил 1 августга қадар газ ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш тўхтатиб турилади

Давлат раҳбарининг 24 сентябрдаги қарорига кўра, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш белгиланган.

Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, бунинг учун 2021 йил 1 августга қадар республиканинг барча ҳудудларида истеъмолчиларга замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиб, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ жорий этилиши режалаштирилган.
 
Биринчи босқичда, 2021 йил 1 февралга қадар Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Юқори Чирчиқ, Янгийўл ва Кармана туманлари ҳамда Тошкент, Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Каттақўрғон, Қўқон, Марғилон шаҳарларида ва бошқа қарздорлик даражаси баланд бўлган ҳудудларда тизимни ўрнатилиши кўзда тутилган.
 
Янги электрон ҳисоблагичлар «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан аҳолига график бўйича бепул тарзда ўрнатилади.
 
Таъкидланишича, бугунги кунда Давлат хизматлари марказларига 1-босқичда назарда тутилмаган ҳудудлардан табиий газ ҳисоблагичларини қиёслаш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
 
Давлат хизматлари агентлиги аҳолининг оворагарчилигига чек қўйиш ва ортиқча пул маблағлари сарфлашининг олдини олиш учун, табиий газ ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш муддатини 2021 йил 1 августга қадар узайтириш ташаббуси билан чиқди. Ҳукумат ушбу аҳолига енгилликни қўллаб-қувватлади.
 
Газ ҳисоблагичларнинг «стандартдан ўтказиш» муддати ўтган бўлса ҳам, 2021 йил 1 августга қадар ҳисоблагични қиёслашнинг кераги йўқ.
 
«Счетчик»ни даврий текширувдан ўтказиш муддати ўтган бўлса-да, ҳисоб-китоблар ҳозирда уйда ўрнатилган ҳисоблагичлар асосида амалга оширилади.
 
2021 йил 1 августга қадар эски кўринишдаги газ ҳисоблагичларини қиёслаш учун аризалар қабул қилиниши тўхтатиб турилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид