Шу йил 17 август куни «LABCENTER» МЧЖ корхонаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тўғрисида битим имзоланади. Унга кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали ҳудудидаги 550 кв. метр ер майдонида ДХШ асосида тиббий лаборатория ташкил этилиши керак эди.

Лекин ҳанузгача «LABCENTER» МЧЖ ўз ишини бошлай олмаётгани ортидан чет эллик инвестор ҳам ҳаммасига қўл силтаб, мамлакатдаги инвестициявий муҳит ҳақида салбий хулосалари билан мамлакатдан чиқиб кетиш арафасида турибди.

Бир қарашда ҳаммаси жуда оддий – онкологик касалликлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда, уларни эрта ташхислаш ва даволаш масаласи ниҳоятда муҳим. Беморларнинг турнақатор навбатларини камайтириш учун соҳага турли янгиликлар, инвесторлар кириб келиши, янги муассасалар очилиши айни муддао бўларди. Аммо инвестор сармоя киритаман деса-ю, унга ишлаш имкони берилмаса, мутасаддилар амалий кўмак бериш ўрнига вазифаларини амаллаб ўзидан соқит қилишга уринса, қандайдир силжишга умид қилиш мумкинми?

Таҳририятга мурожаат қилган Асқар Ғозихонов ўз директорлигидаги «LABCENTER» МЧЖ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланиши учун бир йилдан ортиқроқ югургани, битим имзолангач Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигига ер ажратишни сўраб мурожаат қилгани, лекин ҳокимлик Ер кодексининг 23-моддасини асос қилиб келтириб, ер ажратиш жараёнини нотўғри талқин қилаётгани ҳақида сўзлаб берди.

2019 йилда президент қарори билан тасдиқланган Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида низомнинг 57-бандига кўра, ДХШ тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 1 кун муддатда давлат шериги (ССВ) хусусий шерик («LABCENTER» МЧЖ)нинг аризасини, шунингдек, ваколатли орган ва ташкилотларнинг ер участкасини танлаш бўйича маълумот ва хулосаларини Тошкент шаҳар ёки туман ҳокимлигига битимда кўрсатилган шартларда ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун юбориши лозим эди.

Шунингдек, ушбу низомнинг 58-бандига кўра, Тошкент шаҳар ёки туман ҳокимлиги 3 кун муддатда хусусий шерикка ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиши ва қарорни пойтахт кадастр идорасига юбориши ҳамда бу ҳақда давлат шеригини хабардор қилиши белгиланган.