Сўнгги соатларда нималар ўзгарган?
5 ноябрь куни дастлаб Жо Байден Мичиган штатида ғолиб чиқиши аниқ бўлди — 16 делегат овозини берадиган бу штат ҳам АҚШ президентлиги сайловларида ҳал қилувчи ўрин тутувчи штатлардан ҳисобланади. Айни вақтга келиб бюллетенларнинг 99 фоизи ҳисоблаб бўлинган ва Жо Байден 50,5 фоиз овоз билан устунлик қилмоқда, унинг рақиби, амалдаги президент Дональд Трамп — 47,9 фоиз овозга эга. Энди бу штатда Трамп унга ета олмайди.

Бу Байден мазкур штатни кўклар томонга қайтарганини англатади — демократлар 1992 йилдан 2012 йилга қадар бу штатда мунтазам равишда ғолиб чиқишган. 2016 йилда эса Ҳиллари Клинтон Мичиганни Трампга бериб қўйган.

Байден шимолдаги штатлардан яна бири Висконсинни ҳам «кўк девор»га қайтармоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, демократлар 10 делегат овозига эга бўлган бу штатдаги сайловчиларнинг 49,4 фоизининг овозини, Трамп эса — 48,8 фоизини қўлга киритди. 

Аввалига Байден бу икки штатда ҳам орқада қолаётганди, якуний натижага эса почта орқали юборилган овозлар ва масофадан берилган овозлар ҳисоблаб чиқилиши эвазига эришилди. Коронавирус пандемияси туфайли демократлар ўз тарафдорларини сайлов участкаларига келмасдан овоз беришга чақиришганди.

Байденга ғалаба учун яна нима керак?
Овозларни ҳисоблаш яна 6 штатда давом этмоқда: Аляска, Аризона, Жоржия, Шимолий Каролина, Невада ва Пенсильванияда. Мичиган ва Висконсиндаги устунлик эвазига Байденнинг овозлари сони 253тага етди, Трампда — 214талигича қолмоқда. Штатлар ўз аҳолиси сонига қараб сайловчи делегатларни тақдим этади, айнан улар сайловчиларнинг иродасини ифода этган ҳолда президентни сайлашади. Сайловда ғолиб бўлиш учун номзодларнинг бири 270 делегат овозига эга чиқиши керак.

Баҳолар консерватив, чунки Аризонада (11 делегат) натижалар ҳамон маълум эмас. 4 ноябрь куни Байден одатда республикачилар тараф бўладиган бу штатда ғалаба қозониши муқаррардек эди, айрим нашрлар, ҳатто одатда консервативлар томонида бўладиган Fox News телеканали ҳам унинг бу штатдаги ғалабаси ҳақида эълон қилишга улгурди. Аммо 5 ноябрь куни Трамп фарқни қисқартира бошлади, Тошкент вақти билан 6 ноябрь ҳолатига кўра, бу штатда бюллетенларнинг 90 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин кучлар нисбати 50,1 фоизга 48,5 фоиз бўлиб турибди. Бунинг сабаби — республикачилар айнан Аризонадаги сайловчиларни бошқа штатлардагига қараганда почта орқали овоз беришга яхшироқ тайёрлашган, ҳозирда ҳисобланаётган бюллетенларнинг катта қисми айнан уларнинг тарафдорлари томонидан юборилган. Шу билан биргаликда, маҳаллий таҳлилчилар Байден фарқни яна ошира бошлаши, эндиликда демократларга мойил бўлган ҳудудларнинг овозлари ҳисобланиши бошланишини айтишмоқда.