Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ярашув институтига доир нормани киритиш таклиф қилинди
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ярашув институтига доир нормани киритиш таклиф этилмоқда. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида тегишли петиция эълон қилинди.
Қайд этилишича, Жиноят кодексининг 66-1-моддасида ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишга доир норма белгиланган. Унга кўра, агар айбланувчи ва жабрланувчи ўртасида ярашувга эришилса ҳамда айбланувчи томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланса, у жавобгарликдан озод этилади.
“Ярашув институтининг мавжуд бўлиши бир қанча енгиллик ва афзалликларга эга бўлиб, бу қуйидагиларда намоён бўлади:
биринчидан, мамлакатимизда жиноий жавобгарликка тортилган шахслар сони камаяди;
иккинчидан, ўз-ўзидан жазони ижро этиш муассасаларида жиноятчиларнинг салмоғи қисқаради; учинчидан, судланганлик тўғрисидаги маълумот “тамға” сифатида айбланувчида мавжуд бўлмайди.
Бироқ, мазкур ярашув институти Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ўз аксини топмаган. Aйтишингиз мумкин, мазкур институт Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида акс эттирилиши нима сабабдан керак бўлиши мумкин? Ахир, маъмурий жавобгарлик жиноий жавобгарликка кўра (юридик оқибати жиҳатидан) енгилроқ-ку?! Биз бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак, шундай ҳуқуқбузарликлар мавжудки, яъни биринчи маротаба содир этилган ҳуқуқбузарлик, иккинчи маротабасида жиноятга айланади.
Ҳақиқатдан ҳам, икки тарафни ярашишга ундаш улар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлади. Масалан, биринчи тараф ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди, иккинчи тараф эса ўзига қулай бўлган келишувни тузади”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилишга доир нормани киритиш таклиф қилинган.
Мавзуга оид
10:03 / 02.09.2024
“Халқ назорати” портали орқали қилинган мурожаатлар сони 45 мингдан ошди
17:55 / 28.08.2024
Кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади
08:34 / 16.05.2024
Солиқ қўмитасига энг кўп мурожаат қайси ҳудудлардан келиб тушаётгани айтилди
15:07 / 10.04.2024