Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус олдидан Европа майдонларида чемпионатлар доирасидаги учрашувлар бўлиб ўтади. Бу сафар ҳам қизиқарли ўйинлар кўп ва табиийки, клублар танаффусга яхши натижа ва кайфият билан чиқиб кетишни истайдилар. Анъанага кўра эътиборингизга ҳафтанинг муҳим учрашувлари анонсини ҳавола қиламиз.

ЭВЕРТОН – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (7 ноябрь, 17:30)

Жума куни АПЛда икки учрашув ўтказилган бўлса-да, энг қизиқарли ўйинлар шанба куни, “Гуддисон Парк”дан бошланади. Деярли ўхшаш ҳолатга тушиб қолган икки жамоа “қора булутлар”ни қувишга уриниб кўради. Табиийки, бошида яхшироқ старт олган ва статус жиҳатидан пастроқ бўлган “Эвертон”да босим камроқ.

Сульшер эса, сўнгги икки йилда бир неча маротаба мана шундай вазиятга тушиб турибди. Нуқул “Юнайтед” бирор умидсиз ҳолатга тушиб қолади, нашрлар Сульшернинг кетиши-ю, Почеттино ёки Аллегри номзодлари ҳақида гапира бошлайдилар. Ва шундан кейин бирданига жамоа кутилмаганда, ижобий серияни бошлайди, танқидлар унутилади. Ўтган йили бу вазият “Манчестер Сити” ва “Тоттенҳэм” устидан қозонилган ғалабалар билан ўнгланган бўлса, жорий мавсум бошидаги шармандали 1:6 ЕЧЛда Париждаги ғалаба билан хаспўшланди. Энди эса жамоа қаторасига икки ўйинда мағлубиятга учради. Баъзилар “Эвертон” билан ўйинда вазият яна ўнгланиши ҳақида айтаётган бўлишса-да, аммо Сульшер давридаги давомли “Америка тепаликлари”га барҳам берилиши ва натижалар қандайдир барқарорлик касб этиши керак.

Англияда баъзи манбалар Вудворд аллақачон Почеттино билан алоқага чиққанини ёзаётган бўлса, ишончлироқ нашрлар аксинча, клуб узоқ муддатга мураббийга ишонаётгани, яқин ўйинлардаги натижалар ҳам ҳатто бу қарорга таъсир ўтказмаслиги ҳақида маълумот тарқатишди. Аммо нима бўлганда ҳам, қаторасига учинчи мағлубият Сульшернинг нафақат бошқарув, балки футболчилар орасида ҳам эътиборини тушириб қўйиши мумкин.

Мавсум бошида бутун Европа қарсак чалган “Эвертон” ҳам қаторасига уч ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. “Ливерпуль” билан дуранг Анчелотти шогирдлари учун ижобий натижа сифатида қабул қилиниши мумкиндир, аммо кейинги турларда “Саутҳэмптон” ва “Ньюкасл”дан мағлубиятлар “Эвертон”нинг ўйлаганимиздан кучсизроқ эканини кўрсатмоқда. Хамеснинг жароҳати ва Ришарлисоннинг дисквалификацияси жамоа ўйинидаги хотиржамликни ва салобатни йўқотиб қўйгандек.

“Юнайтед”га қарши ўйинда Анчелоттига Коулмен, Гомеш ва Годфрилар ёрдам бериши шубҳа остида турибди. Икки тур олдин қизил карточка олган Люка Дин бўйича клубнинг аризаси қабул қилинди ва ҳимоячининг дисквалификацияси қисқартирилди. У майдонга тушиши мумкин. Ришарлисоннинг қайтишига эса, яна бир тур бор. “Юнайтед” сафида эса, ниҳоят Марсияль уч ўйинлик дискваликацияни ўтаб қайтмоқда. Алекс Теллес вирусдан тузалди, аммо тўлиқ машғулотларга киришгани йўқ. Белидан жароҳати туфайли Туркияда ўйнамаган Линделофнинг қайтиши ҳам сўроқ остида.