Дастлаб Америка оммавий ахборот воситалари - демократларга мойил бўлган нашрлар ҳам, республикачиларни қўллайдиганлари ҳам бирин-кетин демократлар номзодининг ғолиблиги ҳақида хабар бера бошлади. Шанба куни сайлов тақдирини ҳал қилувчи штатлардан бири Пенсильванияда Барак Обама даврида вице-президент бўлган Жо Байденнинг устунлиги узил-кесил тасдиқланди - бу штат номзодга яна 20 овоз тақдим этди, натижада унинг делегатлари сони президентликка сайланиш учун зарур бўлган 270лик миқдордан ошди.

Бюллетенларни ҳисоблаш ҳали давом этади, Пенсильванияда ҳам ҳали ҳисобланмаган 200 мингга яқин бюллетенлар бор. Аммо Америка медиасига Байденни ғолиб деб тан олиш учун шу вақтгача мавжуд бўлган маълумотларнинг ўзи етарли. Телеканаллар ва ахборот агентликлари прогнозлаш усулларига асосланган ҳолда ғолибни аниқлаш учун математиклар ва таҳлилчилар жамоаларини ёллашган. Ҳозирда улар Трамп Пенсильванияда Байдендан ўзиб кета олмайди, деган хулосага келишган. Аввалги сайловлар шуни кўрсатадики, прогнозчилар жамоаси бундай ҳолларда адашишмаган.

Дональд Трамп мағлубиятини тан олмаяпти. 4 ноябрь куниёқ ўзи президентликка қайта сайлангани ҳақида эълон қилганди. У бир неча марта овозлар натижаларини ҳисоблашда сохтакорликка йўл қўйилгани ҳақида гапирган, лекин бунинг учун далил келтирмаганди. АҚШнинг амалдаги президенти натижалар ҳақидаги хабарларни Виржинияда гольф ўйнаётган маҳалда (дарвоқе, бу штатда Байден устун келган) билди. Лекин у рақибининг ғалабасини тан олгани йўқ. «Ушбу сайлов якунланишига ҳали вақт бор», – деди Трамп ОАВ хабарлари ортидан берилган баёнотида. У 9 ноябрдан бошлаб ўзининг сайловолди ташвиқот гуруҳи сайлов қонунчиликка тўлиқ мувофиқ тарзда ўтганини ва қонуний ғолибни аниқлаш мақсадида суд жараёнларини бошлашини ваъда қилди. «Мен Америка халқи демократия тамойилларига муносиб равишда берилган ҳақиқий овозлар ҳисоби тўғрисидаги натижани билмагунича тинчимайман», деди Трамп. У сўнгги ўн йилликларда иккинчи муддатга сайлана олмаган илк президент бўлди. 

Жо Байден ғалабасига шубҳа қилмаяпти. У твиттерда барча америкаликларнинг, шу жумладан, ўзига овоз бермаганларнинг ҳам президенти бўлишни ваъда қилиб, ишончни оқлашга ваъда берди. Шунингдек, Байден твиттердаги мақомини «АҚШнинг сайланган президенти» дея ўзгартирди.

Байден дастлабки табрикларни қабул қилишни бошлаган. Уни ва бўлажак вице-президент Камала Ҳаррисни ижтимоий тармоқлар орқали Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Эммануэль Макрон, Канада бош вазири Жастин Трюдо, Шотландия ҳукумати раҳбари Никола Стержен, Лондон мэри Содиқ Хон ва дунёнинг турли нуқталаридаги сиёсатчилар, масалан, Зимбабве президенти Эммерсон Мнангагву табриклади.