У бизга бошдан ўтказаётганларини сўзлаб бераркан, пули бор одамнинг ҳам Қаршида бирор иш бошлаб ривожлантира олишига энди ишонмай қўйганини ва маблағини сақлаб қолиш учун албатта ортга қайтиб кетиш, ўша ерда ишлаб, ўша ерда туриб ҳамюртларига ёрдам бериш осонроқ эканига ишонч ҳосил қилганини айтмоқда.

Хўш, Қаршида унга қандай тўсқинликлар бўлганки, ишини бошлай олмаяпти ва бу қадар расмий идоралардан кўнгли қолган?

«2018 йил президентимиз АҚШга сафари давомида ўша ерда яшаётган ўзбеклар билан учрашиб айтган гаплари менга жуда қаттиқ таъсир қилганди. Чунки мен ҳам Нью-Йоркда яшаб, ишлаб келаётган ўзбекистонликлардан бири эдим.

Давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман», деган гапларини эшитган заҳотим юртга қайтиб, шу ерда меҳнат қилишни ният қилдим. Айниқса, президентнинг «Барчангизнинг мамлакатимизни ривожлантиришга сидқидилдан ҳисса қўшишга тайёр эканингизни кўриб, чин дилдан мамнун бўлиб турибман. Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман», деган гапларидан сўнг менда ватанга дахлдорлик ҳисси пайдо бўлди.

Аммо давлатимиз раҳбарининг куюнчаклиги, назаримда, маҳаллий раҳбарларнинг ҳаммасида ҳам бор эмас экан.

2019 йилда Қаршига келдим. Вилоят ҳокими қабулига кириб, қўлимда 100 минг доллар борлиги, америкалик ҳамкорим эса 300 минг доллар инвестиция киритишга тайёр эканини билдирдим. Бу сарфланиши кўзда тутилган маблағ фақат бошланиши бўлиб, олдимизда улкан режалар турганини айтдим. Вилоят ҳокими фикримни маъқуллаб, тадбиркорлик учун ер берилиши, лойиҳам дастурга киритилишини айтди.

Тез орада АҚШнинг «LA TRANS LLC» компанияси билан биргаликда лойиҳа қиймати 400 минг АҚШ доллари бўлган «LA TRANS LLC KARSHI» қўшма корхонасини ташкил этдик. Қарши шаҳри Жайҳун кўчасидан доимий фойдаланиш учун 900 кв. метр ер майдони ажратилди.

2019 йилнинг 17 сентябрида Қарши шаҳар ҳокими қарори билан ерга эгалик ҳуқуқи берилди. Қурилишга оид тегишли ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида вилоят ҳокими ҳам, Қарши шаҳри ҳокими ҳам алмашди. Барча ҳужжатларим тайёр бўлиб, пойдевор ишлари бошлангач, ҳокимлик томонидан бу ерда қурилиш қилишим мумкин эмаслиги айтилди», — дейди Жавлон Жўраев.

Тадбиркорга берилган дастлабки ер учун ҳоким қарори