17:23 / 11.11.2020
19366

Қудратилла Рафиқов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси лавозимига қайта сайланди

11 ноябрь куни Касаба уюшмалари федерациясининг Vlll қурултойида Қудратилла Мирсагатович Рафиқов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси лавозимига бир овоздан сайланди. Бу ҳақда Касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, унинг номзоди Оқсоқоллар Кенгаши томонидан тавсия қилинди. Очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этмоқда.

Тадбирда бош вазир президентнинг федерацияга табригини ўқиб эшиттирган. Президент табригида федерация фаолиятига баҳо берилиб, 11 ноябрни мамлакатда Касаба уюшмалари ходимлари куни, деб белгилаш ҳамда Касаба уюшмалари академиясини ташкил этиш таклиф қилинган.

Айни вақтда федерация раиси ўринбосарлари, раёсат аъзоларига номзодлар тавсия этилиб, сайлов жараёни давом этмоқда.

Қудратилла Рафиқов 1947 йилда туғилган, 1993-1998 йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси муовини, 1998 йилдан 2003 йилгача Жиззах вилояти касаба уюшмалари Кенгаши раиси лавозимида фаолият кўрсатган. Кейинроқ «Жиззах аккумулятор заводи» АЖ бош директори лавозимида ишлаган. 2016 йил декабрида эса Танзила Норбоева ўрнига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг янги раҳбари этиб сайланганди.

У сенатор, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси ҳисобланади.

Мавзуга оид
Top