Ўзбекистон | 11:47 / 13.11.2020
26735
3 дақиқада ўқилади

Андижонда ўрнатилган «ақлли» газ ҳисоблагичларнинг 40дан ортиғи ишдан чиқди. «Ҳудудгазтаъминот» изоҳ берди

Сентябрь ойи охирида Андижон шаҳрининг Шимолий кичик даҳасидаги 77-уйнинг 15-хонадонида «ақлли» газ ҳисоблагич портлаб кетгани ҳақида хабар тарқалганди.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда «ақлли» газ ҳисоблагичлар яроқсиз ҳолатдалиги, улар портлаб кетаётгани ҳақида муҳокамалар кўпайди. Ана шундай ҳисоблагичлар тасвирланган суратлар ҳам тарқалди.

Kun.uz мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Меҳрибон Маметова билан боғланди.

«Фотосуратлардаги 40дан ортиқ ҳисоблагич Андижонда истеъмолчиларга ўрнатилган, аммо техник сабабларга кўра ишдан чиққан. Уларни йиғиб олганмиз. Шулардан 12таси ажратиб олиниб, синовдан ўтказилган. Яъни ҳисоблагичларда ташқи таъсирлардан валентлик синовлари ўтказилиб, аввалги ҳодисаларнинг сабабларини аниқлаш учун Италиядан келган мутахассислар томонидан ишлаб чиқарувчи «Технопарк» МЧЖ вакиллари иштирокида ўтказилган шунга ўхшаш тажрибалар такрорланди.

Носоз ҳисоблагичларнинг ҳар бири учун ишлаб чиқарувчига сабабларини аниқлаш мақсадида сўров юборилди. «Ақлли» ҳисоблагичларнинг ишламай қолиши билан боғлиқ барча техник ҳодисаларда ишлаб чиқарувчига, яъни «Технопарк» МЧЖга хабар берилади. Абонентларнинг уй хўжаликларида жойлашган барча «ақлли» ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчининг ишга яроқлилиги ва хавфсизлик даражаси кафолати остида ўрнатилади. Турли сабабларга кўра ишламай қолганда, ишлаб чиқарувчи томонидан ҳисоблагич янгисига алмаштирилади. Газ ўлчаш мосламалари ишламай қолишининг сабабларини қўшимча текширишни «Технопарк» МЧЖ амалга оширади.

Шуни айтиш жоизки, Андижонга ишчи гуруҳ бориб, ҳолатни ўрганган. Ҳисоблагичларни синовдан ўтказишда «Технопарк»дан жалб қилинган мутахассислар ҳам иштирок этган. Чунки бирорта ҳисоблагич ишдан чиқса, биз «Технопарк»ни дарҳол хабардор қиламиз.

Умуман олганда, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган бошқариш тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида 3,5 миллиондан ортиқ «ақлли» ҳисоблагичларни ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозиргача республика бўйича 508 мингта ҳисоблагич ўрнатилди. Шунинг 80 мингтаси Андижон вилоятига қўйилган.

Ҳисоблагич ўрнатиш жараёнида истеъмолчилар учта учта ҳудудга бўлиб олинган: «Қизил ҳудуд», «Сариқ ҳудуд», «Яшил ҳудуд». Газ истеъмоли катта, лекин истеъмолчи тўлови кам жойлар «қизил ҳудуд»га киритилган. Истеъмол ҳам, тўлов ҳам ўртача бўлган жойлар «сариқ ҳудуд» ҳисобланади. Истеъмолга яраша тўлов қилинаётган, истеъмолчиларнинг тўлов интизоми яхши жойлар «яшил ҳудуд» сифатида ажратиб олинган», деди ташкилот расмийси.

Мавзуга оид