АҚШнинг 45-президенти Доналд Трампнинг муддати поёнига етмоқда. Сайловда ютқазгач, у 2021 йилнинг 20 январида Оқ уйни тарк этиши, унинг маъмурияти эса — ишни Жо Байденнинг жамоасига ўтказиши керак. Аммо Трамп ва унинг атрофидагилар ҳамон сайлов натижаларини тан олишдан бош тортишмоқда ва у мағлуб бўлган бир неча штатларда овозларни қайта ҳисоблаб чиқишни талаб этишмоқда. У вақтни чўзишга ҳаракат қилаётганининг сабабларидан бири унга бир неча иш бўйича суд даъволари хавфи мавжудлиги бўлиши мумкин, у президентликдан кетиб, дахлсизлик иммунитетини йўқотгач дарҳол суд жараёнлари бошланиб кетиши эҳтимоли ҳам бор. Келгусида у нималар билан машғул бўлади ва ўзини ёқтирмайдиган Вашингтонни тарк этиб Флоридадаги мулкига кетадими? Meduza шу каби саволларга жавоб излади.

Трамп ўзи кетадими?
Доналд Трамп президентлик сайловларида мағлуб бўлди, аммо ҳокимиятни топшириш жараёнини бошлаш тугул, сайлов натижаларини тан олишни ҳам истамаяпти. У ҳар куни сайловлардаги сохталаштиришлар ҳақида твит ёзиб, демократларни айбламоқда, унинг штаби эса унинг Жо Байденга мағлубияти қайд этилган штатларда натижалар бўйича янгидан янги даъволар ҳақида эълон қилмоқда.

Шу билан бирга, Трампнинг ҳуқуқшунослари ҳозиргача сайловдаги сохталиклар бўйича бирор далил келтирмади. Пенсилванияда улар почта орқали юборилган бюллетенларни ҳисоблашнинг қонунийлиги бўйича баҳслашишга уринишди; аммо судянинг уларнинг айблови кимни сохтакорликда айблашга қаратилгани ҳақидаги саволига Трампнинг ҳуқуқшуноси тасдиқ жавобини бера олмади. Даъвода 600га яқин бюллетен шубҳа остида экани кўрсатиб ўтилган; Трамп эса Пенсилванияда Жо Байдендан 50 минг кам овоз олган. The New York Times нашри хабар қилишича, сайлов комиссияси вакиллари — демократлар ҳам, республикачилар ҳам ўз штатларида кенг кўламли сохталаштириш аломатларини қайд этишмаган. Ҳозирча фақат Жоржияда овозлар қайта ҳисобланиши эълон қилинди, аммо бу штат сайлов комиссияси сайловларда кенг миқёсда сохталаштириш гумони бўлгани учун эмас, икки номзодга берилган овозлар сонида фарқ кичик бўлгани туфайли — бу штатда Байден Трампга қараганда 14 минг кўпроқ овоз тўплаган.

Шундай экан, кўп сонли суд даъволарини вақтни чўзишга уриниш деб ҳисоблаш мумкин: Доналд Трамп эртами кечми барибир мағлубиятини тан олишига ва Жо Байденни табриклашига, ҳокимиятни сайланган президент маъмуриятига ўтказишига тўғри келади. Давлат котиби Майк Помпео эса 10 ноябр куни ёки ҳазиллашиб, ёки чиндан ҳокимият Трампнинг биринчи маъмуриятидан иккинчи маъмуриятига осонлик билан ўтишини ваъда қилди. 

Муддати тугаган президент ҳокимияти функциялари янгисига ўтиши одатда умуммиллий сайловлар якунлари маълум бўлишидан кейин, Конгресснинг янги чақириғи январ ойида сайловчилар ҳайъатининг овоз бериш натижаларини расман эълон қилишидан олдин бошланади. Ҳокимият транзити жараёнида минглаб кишилар иштирок этади: ўнлаб бошқармалар ва департаментлардаги ходимлар ишни ўзидан кейин келувчиларга ўтказади, яна бир гуруҳ Оқ уйда янги келувчилар учун шароит ҳозирлаш ишлари билан шуғулланишади. Янги келганларнинг барчаси инфратузилма ва логистика билан — кабинетлар ва хизмат автомобилларидан тортиб канцтоварлар ва компютерлар билан таъминланади.