Kun.uz сайтида тергов ва суд идораларининг ноқонуний қарори ва ҳукми сабаб фуқаро Рустам Камаловнинг яшаб турган уйи тортиб олингани ва унга бугунги кунда Олий суд эгалик қилиб келаётгани ёритилганди.
Камалов Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси Тошкент филиалига нисбатан аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ва Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадонни Олий суд эгалигидан қайтариб олиш ҳақида судга даъво аризаси киритган эди.
12 ноябр куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида мазкур иш бўйича суд муҳокамаси жараёнлари бошланди.
Унда даъвогар Р.Камалов, жавобгарлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси Тошкент филиали вакиллари иштирок этди.
Даъвогар ўзининг даъво талабларини тўлиқ қувватлаб, уйи натура шаклида қайтарилишини сўради.
Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси Тошкент филиали вакили даъвогарнинг даъво талабларини тан олмади ва Фуқаролик кодексининг 229-моддасини қўллаб, аризани қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Судда жавобгарнинг ишончли вакили сифатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий суди юридик хизмати ходими Саидкамол Асқаров даъво талаблари асосли эканлигини ва фуқаронинг уйини давлат эгалигига ўтказиш тўғрисидаги суд ҳукми бекор бўлганлигини билдириб, хозирда Олий суд эгалигида турган хонадонни Рустам Камаловга қайтариш ёки унга мувофиқ келадиган пулни тўлаб бериш масаласини ҳал этишни судга ҳавола қилди.
Тарафлардан бирор-бир илтимоснома ёки талаб бўлмаса-да, судья Назаров ўз ташаббуси билан ишга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан мутахассис таклиф қилишни лозим топди. Суд мажлиси 24 ноябр кунига қолдирилди, деб хабар бермоқда суд жараёнларида бевосита иштирок этаётган Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Олий суд Раёсатининг жорий йил 7 май санасидаги қарори билан Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадонни давлат эгалигига ўтказиш тўғрисидаги суд ҳукми бекор қилиниб, Рустам Камаловга хонадон ёки унинг қиймати қайтарилиши масаласида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган

















