Жазо муқаррарлиги принципи нима? У фоҳишага бошқача, шифокор ёки ўқитувчига бошқачами?
Узоқ кутилган суд жараёни бўлиб ўтди – “Инстаграм юлдузи”, фоҳишалиги билан фахрланувчи, фаолиятини фаол тарғиб қилувчи, хизматлари нархини бемалол ошкор этувчи ва ниҳоят куч ишлатар тизимлар ходимларини бўралатиб сўккан хоним жазога тортилди!
Ҳақиқат қарор топди, адолат тантана қилдими? Шошманг! Енгилтаклиги билан беқиёс шуҳратга эришган аёл суд жазо сифатида белгилаган кулгили муддат – 5 куннинг 5 минутини ҳам панжара ортида ўтказмади. Унга қўлланган жарима пуллари (агар чиндан ҳам бу жарима қўлланган бўлса) хонимнинг нархномасига кўра нари борса 2-3 соатлик “меҳнати” билан чиқиб кетади. Тез орада озод қилиниши сабаби ҳам тушунтирилди – 1 нафар вояга етмаган фарзанди бор эмиш...
Дарҳол яна бир аёл тақдири эсга тушади – коронавирусга қарши курашган шифокор аёл ҳали суд ҳукми чиқмай туриб турли айбловлар билан қамоққа тиқилганида унинг 6 нафар вояга етмаган фарзандини ҳеч ким ўйламаганди. Тавбасига таянтириб вақтинча озод қилинганда ҳам “овозингни чиқармайсан” дея расмий шарт қўйилганди.
Лаблари чўччайган шакархонимга эса ИИВ, ДХХ, ФВВ, МГ, БП, суд, ўт ўчирувчиларгача йиғилиб битта шарт қўйишга ярамадилар. Хоним ўша куннинг ўзида яна қайтиб чиқиб интернетни портлатди ва уч ҳарфлиларнинг ҳаммаси ожизлигини кўрсатиб қўйди.
Куч ишлатар тизимларнинг севимли ибораси – “жазонинг муқаррарлиги принципи” ўзи нима? Қисқа қилиб айтганда қонун олдида барча баробарлиги. Албатта, бу энг ривожланган давлатларда ҳам тўла амал қилмайди. Аммо қонуннинг ожизлигини, қонун ҳимоячиларининг қўли боғлиқлигини битта фоҳишанинг ўзи исботлаб қўядиган бўлса, яна буни бутун дунёга жар солиб мақтанса, “қонун устуворлиги” деган тушунчанинг ўзи эрмакка айланмайдими?! Шу тоифа аёлларни жазоламоқчи бўлган погонли ходимга “қўлингдан келса шакархонга чора кўр” дейилса ҳақ бўлмайдими?
Умуман, фоҳишалик учун жазони кучайтириш вақти келган. Ҳозирги қонунчилик эскиргани, тобора кенгайиб бораётган интернет, интим хизматлар кўрсатиш имкониятлари беҳад ошиб кетганлиги ҳозирча ҳеч кимнинг эсига келмай турибди. Депутатларимиз бундай ташаббусни кўтаришга хижолат бўлиб туришибди, ёки бу муаммо кўламини англамаяптилар.
Яна куч ишлатар тузилмаларнинг ожизлигига қайтамиз.
Бугунги ахборот асрида ҳар қандай ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) эътиборсиз қолмайди. Айниқса кўпчилик диққат марказида бўлган инсонлар (ҳатто у фоҳиша бўлса ҳам) қонунларни бузса, айнан жазонинг муқаррарлиги принципи ҳар қачонгиданда кучлироқ ишлаши керак. Чунки жамоатчилик диққат билан кузатиб туради – хўш, қонунлар ҳаммага баробарми ёки фақат “қора халқ”ни жазолаш учунгина ишлайдими, деган саволга жавоб излайди.
Бу хонимга қадар ҳам машҳур бир хонанда бутун куч ишлатар тизимларни очиқчасига ҳақорат қилган ва сувдан қуруқ чиққанди. Қизиғи, айнан ўша кунлари тизим ходимларига гап қайтариш тугул кўчада сайр қилиб юриш ҳам жазоланаётган карантин дамлари эди.
Йўқ, хонанда шу қадар қудратли эканки ҳатто судга тортилмади ҳам.
Кўп ўтмай бир этак пахта ўғирлаган аёл расмий нашрларда ҳаромхўрдан тортиб енгилтаккача ҳақоратлар билан роса сазойи қилинганди...
Қиссадан ҳиссани чиқариб бўлдингиз.
Аброр Зоҳидов.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
19:07 / 12.11.2024
ФВВ автомобили вазирлик биносига киришда қўпол қоидабузарлик қилди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
23:25 / 09.11.2024