«А» лига. 1-гуруҳ: Италия пешқадамликни қайтара оладими?

«А» лиганинг 1-гуруҳидаги марказий учрашув якшанба куни Апенин ярим оролида кузатилади. Реджо-нель-Эмилиядаги «Читта-дель-Триколоре» стадионида Роберто Манчини бошқарувидаги Италия миллий жамоаси Польшага қарши майдонга тушади. «Мовий гвардия» охирги икки турда ғалаба қозона олмай - Польшада 0:0, Нидерландия билан эса 1:1 ҳисобини қайд этиб, гуруҳдаги пешқадамликни қўлдан чиқарди. Айнан ушбу тур итальянлар учун жуда муҳим.

Манчини шогирдлари гуруҳ пешқадами бўлиб турган Левандовски жамоасини мағлуб эта олса, сўнгги тур олдидан яна 1-ўринга қайта олади. 1-ўрин учун кечадиган кураш якшанба оқшомидаги тўқнашувга бўлган қизиқишни каррасига оширади.

«А» лига. 2-гуруҳ: Англия Бельгияни бу сафар ҳам мағлуб эта оладими?

 2-гуруҳдаги марказий баҳс Бельгия ва Англия миллий жамоалари ўртасида кечади. Якшанба оқшомида Левендаги «Ден Дрееф» аренасида ўтадиган тўқнашув гуруҳ пешқадамлиги учун кечади. Англия сўнгги турда Лондонда Даниядан кутилмаган мағлубиятни қабул қилиб олгач, Бельгия Исландияни мағлуб этиб, 1-ўринга чиқиб олганди. Гарет Саутгейт шогирдлари бу баҳсда хатоларини тўғирлаш имкониятига эгалар. Бунинг учун инглизлар уйларида бўлгани каби сафарда ҳам Бельгия устидан ғалаба қозонишлари талаб этилади. Шунингдек, Данияда ҳам гуруҳдаги пешқадамликни қўлга олиш учун имконият бор.

«А» лига. 3-гуруҳ: Португалия Франция ўртасида пешқадамлик жанги

 Ҳа, шанба оқшомида Лиссабондаги «Эштадиу ду Бенфика» аренасида ҳақиқий «жанг» кўрсак ажаб эмас. Гуруҳда қўшҳокимлик қилаётган Португалия ва Франция миллий жамоалари ўзаро баҳсда орани очиқ қилишади. 4 ўйиндан кейин 10 очкодан жамғарган бу жамоаларнинг Франциядаги баҳсида ҳам ғолиб аниқланмаган эди. Бу сафарги дурангга на Роналду жамоадошлари, на Мбаппе етакчилигидаги французлар рози бўлишади. Шундай экан, турнинг марказий тўқнашувидан кескин қарама-қаршилик ва шиддат кутсак арзийди.