Эфиопия ҳукумати ва тиграйлар ташкилоти ўртасидаги кескинлик сўнгги ой ичида кучайиб бориб, қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, 9 ноябр куни Май-Кадера қишлоғида жангарилар ҳужуми оқибатида юзлаб кишилар ўлдирилган.

«Тиграй озодлик халқ фронти» ушбу қирғинга алоқадорлигини инкор этаётган бўлсада, Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад ушбу ташкилот раҳбариятини оммавий қотиллик уюштиришда айбламоқда.

Аввалроқ ҳукумат расмийлари «Тиграй озодлик халқ фронти»ни федерал ҳарбийларнинг лагерига ҳужум уюштиришда айблаб, айирмачиларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаш тўғрисида буйруқ берганди. Шундан сўнг икки томон ўртасида ҳаво зарбалари орқали тўқнашувлар бошланиб кетганди.

Тиграй - Эфиопиянинг шимолий провинцияси бўлиб, Эритрея ва Судан билан чегарадош бўлган бу ҳудуд аҳолиси ўзларини тиграйлар деб аташади. Мамлакат маркази ва жанубида яшовчи аҳоли эса амхар халқига мансуб ҳисобланади.

Аэропортларга йўлланган ракета зарбалари ҳақида нималар маълум?

Эфиопия ҳукумати маълумотига кўра, ракеталар жума куни кечқурун Амхара ҳудудидаги Баҳр-Дор ва Гондэр шаҳарларига қарата учирилган. Ракеталардан бири Гондэр аэропортига тушган ва унинг бир қисмини вайрон қилган.

Ўша вақтда учирилган иккинчи ракета Баҳр-Дор аэропорти атрофига тушган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. Икки аэропортдан ҳам йўловчи самолётлар ва ҳарбий самолётлар парвози учун фойдаланилган.

Амхарадаги кўнгиллилар федерал ҳарбийлар томонида туриб жанг қилади / AFP

Ўз навбатида, «Тиграй озодлик халқ фронти» ракета зарбалари бош вазир Абийга бўйсунувчи ҳукумат ҳарбийлари томонидан берилган ҳаво зарбаларига жавоб эканини маълум қилган. «Тиграй халқига ҳужумлар тўхтамас экан, бизнинг ҳужумларимиз ҳам кучайиб боради», деган ташкилот вакили Гетачу Реда фейсбукдаги саҳифасида.

Кейинроқ Тиграй телеканалида чиқиш қилган Реда янги зарбалар берилиши эҳтимолидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, кейинги нишон Эритрея пойтахти Асмэра бўлиши мумкин, бу эса ушбу низо икки қўшни давлат миқёсига кўчиши мумкинлигини англатади.