Агентлик хабарига кўра, низомда давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган барча хўжалик жамиятлари, давлат унитар корхоналари ҳамда давлат органлари таъсисчи ҳисобланган унитар корхоналар ўз расмий веб-сайтига эга бўлиши ва уларда қуйидаги маълумотларни жойлаштириши ва ошкора этиши белгиланмоқда:
- корхона тўғрисидаги асосий маълумотлар;
- бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;
- корхона томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, семинарлар ва брифинглар, давра суҳбатлари, расмий ташрифлар) тўғрисидаги маълумотлар, матбуот-релизлар ва кундалик фаолият тўғрисидаги бошқа ахборот;
- давлат иштирокидаги корхона ва унинг ташкилотлари томонидан ўтказиладиган очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;
- корхонанинг улуши мавжуд бўлган корхоналар, бўш турган, фойдаланилмаётган, носоҳавий активлари ва улар тўғрисидаги асосий ахборотлар;
- бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар;
- бошқарув ва назорат органларига тўланган рағбатлантириш миқдорлари тўғрисидаги маълумотлар;
- йиллик молия-хўжалик фаолиятни текшириш натижалари бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси;
- корхона устав фондининг ёки активларининг 50 фоизидан ортиқ миқдорда кредит олинганлиги;
- корхона активларининг 10 фоизидан ортиғини ташкил этадиган корхонанинг бир марталик битимлари;
- корхона томонидан йирик битимлар ва манфаатдор шахслар билан битимлар тузилганлиги.
















