«Суд қарорлари – қонунийликни таъминлаш, келтирилган зарарни қоплашда ҳуқуқий асос. Жорий йилнинг 10 ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига 4 миллионга яқин ижро ҳужжатлари келиб тушган бўлиб, шундан 1 миллион 200 мингтаси бажарилмаган. Яъни, бугунги кун ҳолатига 17 триллион сўмлик ҳужжатлар ижроси таъминланмай турибди. Бунинг 7,2 триллион сўми давлат ундирувига, қолган 9,7 триллион сўми жисмоний ва юридик шахсларга тегишли. Ушбу маблағларнинг ундирилиши тадбиркорларнинг молиявий аҳволини яхшилаш, кам таъминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, кўплаб ижтимоий масалаларни ҳал этишда муҳим омил бўлади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда суд ҳужжатларини ижро этиш ҳолати туман ва шаҳарлар мисолида кўриб чиқилди. Қарздорликларни қисқартириш бўйича мамлакат даражасида алоҳида, вилоят ва туманлар миқёсида алоҳида тизимда иш олиб борилиши белгиланди.
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси 20 миллиард сўмдан юқори қарзларни ундириш билан шуғулланади. Бюронинг вилоят бошқармалари 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмгача бўлган қарзлар ундируви билан ишлайди.
МИБнинг туман ва шаҳар бўлими бошлиқлари ҳокимлар ва сектор раҳбарлари билан бирга оғир аҳволга тушиб қолган қарздорларнинг манзилли рўйхатларини тузиб, уларга кўмаклашади. Бунинг учун, ундирувчи илтимосига кўра ижро иши юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати судлардан давлат ижрочисига ўтказилади.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсманга давлат даромадига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича тадбиркорлик субъектларининг қарзлари юзасидан ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисида мурожаат этиш ҳуқуқи берилади.
Йиғилишда қарздорнинг мол-мулки йўқлиги сабабли тўхтатилган ижро ҳужжатлари билан ишлаш масаласи муҳокама қилинди. Қарздорлар тўғрисида ягона электрон платформа яратиб, уларни нотариус, банк, солиқ, давлат хизматлари, божхона, кадастр, ички ишлар ва бошқа идоралар базасига интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди.

Шу пайтгача мажбурий ижро таъминланишидан ҳудудларга манфаат йўқ эди. Эндиликда ундириладиган маблағларнинг бир қисми «темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» бўйича жамғармаларга ўтказиладиган тартиб жорий қилиниши белгиланди.
Давлат ижрочиларининг иш ҳажми масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Кўп жойларда битта ижрочига тўғри келаётган ҳужжатлар сони меъёрлардан зиёд экани кўрсатиб ўтилди.




















