Ўзбекистон | 15:38 / 19.11.2020
13981
2 дақиқада ўқилади

«Вақф» фондига янги раҳбар тайинланди

Бугун, 19 ноябрь куни, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳмонов “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси вазифасига тайинланди. 

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, бу ҳақда “Вақф” хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши йиғилишида эълон қилинган. Фонднинг аввалги раҳбари Искандар Халилов бошқа ишга ўтказилди.

Яҳё Абдураҳмонов 1985 йилда Сирдарё вилоятида туғилган. 1999-2003 йилларда Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасини тамомлаган. 2004-2008 йилларда Тошкент ислом институтида таълим олган. Шу давр оралиғида Миср Араб Республикасидаги “Ал-Азҳар” университетида малака оширган.

У 2009-2011 йилларда Ўзбекистон миллий университетининг Олий журналистика факультетида ўқиган. 2004-2018 йилларда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Кулол қўрғон” жоме масжидида имом ноиби, имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилган. 2018 йилда Тошкент шаҳридаги туманлараро қорилар мусобақасининг мутлақ ғолиби, шаҳар бўйича 2-ўрин соҳиби бўлган. 

Яҳё Абдураҳмонов айни вақтда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби, ушбу тумандаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти “Тажвид” фани ўқитувчиси ва Халқаро ислом академиясининг мустақил тадқиқотчиси ҳисобланади.

Мавзуга оид