Ўзбекистон | 18:03 / 21.11.2020
10421
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Туркистонда Қозоғистон бош вазири билан учрашди

Ҳукумат раҳбарлари музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Туркистонда Қозоғистон ҳукумати раҳбари Асқар Мамин билан учрашди.

Абдулла Арипов ва Асқар Мамин савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, транспорт-логистика, божхона соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек саноат кооперацияси ва минтақалараро ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. 

«Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2020-2022 йилларда ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, товарларни тақсимлашнинг минтақавий тизими, Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини яратиш, чегара-божхона постларини модернизация қилиш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилди», – дея хабар берди Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий савдо шериги ҳисобланади. 2019 йил якуни бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 21,2 фоизга ўсиб, 4,5 миллиард долларни ташкил этди. 

«Томонлар савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш ниятида», дейилади маълумотда. 


 
Ҳукумат раҳбарлари Туркистонда «Turkistan Textile» тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонасининг очилиш маросимида ҳам қатнашди.

Мавзуга оид