Ўзбекистон | 10:59 / 23.11.2020
27095
3 дақиқада ўқилади

Aндижонда ўқувчилар тадбирда иштирок этиш учун юпун кийимда совуққа олиб чиқилган мактаб раҳбарлари ишдан олинди

Кескин совуқ тушганига қарамай, Aндижондаги 43-мактаб ўқувчилари тарғибот тадбири доирасида юпун кийимларда байроқ кўтаришга чиқарилгани маълум бўлгач, ушбу мактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинди.

Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабида ўқувчилари тадбирда иштирок этиш учун юпун кийимларда ташқарига чиқарилгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Мазкур хабар юзасидан Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ҳолат ўрганилган. Ўрганиш якунлари бўйича қуйидагилар маълум бўлган:

  1. Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабига «Янги Ўзбекистон - Янгича дунёқараш» шиори остида мамлакатда кўзга кўринган зиёлилар, санъат, фан-маданият ходимлари ҳамда фаол нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳи ташриф буюрган.
  2. Тарғибот гуруҳи вакиллари ташрифидан хабардор бўлган ўқувчилар (соат 11:25)да уларни кузатиш мақсадида йўлакка чиқишган. Ўтказилаётган тадбирнинг фотоальбомини яратиш мақсадида маҳалла фаоллари ва мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни расмга олган. Ишчи гуруҳ расмдаги болалар билан ўтказган суҳбатда мана шу суратга олиш вақтида 2-3 дақиқа ташқарида қолишгани, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан (соат 11:35гача) улардан синф хоналарига қайтишлари сўралгани таъкидланган.
  3. Ишчи гуруҳнинг расмдаги ўқувчилар ва ота-оналар билан суҳбати жараёнида мазкур ҳолатда фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмагани сабабли эътирозлари йўқлигини таъкидлашган.

«Якуний хулосага кўра, ҳар бир ўқувчининг мактабдаги вақтидаги саломатлиги ва хавфсизлигига кенг жамоатчилик вакиллари, блогерлардан ҳам кўпроқ таълим соҳаси вакиллари жон куйдиришлари зарур эканлигини ҳисобга олиб, 43-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси (Д.Насирдинов), мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари (С.Исманова) эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси тизимда фаолият олиб бораётган раҳбарлар, ўқитувчилар ва ходимлардан мактабдаги ўқувчиларнинг ҳар бирига ўз фарзандидек дахлдорлик туйғусида ёндашишни, уларнинг соғлиги ва хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи мана шундай ҳолатларга йўл қўймасликларини сўраб қолади», дейилади бошқарма маълумотида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид