Жаҳон | 14:53 / 23.11.2020
4230
2 дақиқада ўқилади

Ҳусийчилар Saudi Aramco'га ракета ҳужум амалга оширилганини маълум қилишди

Фото: EPA

Дунёдаги энг бой компания Saudi Aramco'нинг нефт омборларига ракета ҳужуми амалга оширилгани айтилди. Маълум бўлишича, омборларга «Quds-2» ракеталари билан ҳужум қилинган. Бу ҳақда «Ансаруллоҳ» исёнчи ҳусийлар армияси вакили Яҳё Сери твиттерда ёзган.

Ҳужум Саудия Арабистони миллий нефт компаниясининг Жиддадаги нефт тарқатиш станциясига амалга оширилган. Маълум бўлишича, ҳусийлар «Quds-2» ракеталаридан яқинда фойдаланишни бошлаган.

Фото: Twitter

Яҳё Сери, шунингдек, ҳусийлар Саудия Арабистони ҳудудига кенг кўламли зарбалар бериш режалари ҳақида эълон қилганини эслатиб, саудияликларни нефт объектлари ҳудудига яқинлашмасликка чақирган.

Саудия Арабистони ҳукумати Яманнинг зарбаси бўйича ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермаган. Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши айтиладиган «Ансаруллоҳ» ҳаракати мамлакат ғарбидаги кенг ҳудудларни, шу жумладан, пойтахт Санони ҳам назорат қилади. Ҳукумат кучлари Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси кўмагида ҳусийларга қарши 2015 йил мартидан бери курашиб келади.

Маълумот учун, 2020 йилнинг ўзида 412 миллиард доллардан ортиқ соф фойда қилган Saudi Aramco миллий нефт компанияси Саудия бюджетининг 80 фоиздан ортиғини беради.

Мавзуга оид