Бекобод туман прокурори ва туман маъмурий судининг адолатсиз ва ғайриқонуний қарорлари ортидан ёш тадбиркорнинг аукционда сотиб олган ер участкаси ҳокимлик захирасига қайтарилган эди.

Прокурор маъмурий суднинг мазкур қарорига асосланиб, қурилмаларни тадбиркор ҳисобидан мажбурий тартибда бузиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судига ҳам ариза киритганди. Суд прокурорнинг бу даъво аризасини ҳам қаноатлантириб, бинони мажбурий бузиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди. Суд жараёнлари Олий судда ҳали кўриб чиқилмай туриб, тадбиркор қарийб 200 миллион сарфлаб қурган бино-иншоот аёвсиз бузиб ташланди.

Маъмурий суднинг ер участкасини ҳокимлик захирасига қайтариш ва аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келган қарори жорий йил 3 сентябр куни Олий судда бекор бўлди.

Шундан сўнг, тадбиркор янги очилган ҳолатлар бўйича ишни қайта кўриб чиқишни сўраб, Бекобод туманлараро судига даъво аризаси киритди. Мазкур ариза шу суднинг жорий йил 19 октябрдаги ажрими билан қаноатлантирилиб, 2020 йил 17 мартдаги (тадбиркор қурган бинони мажбурий бузиш тўғрисида) ҳал қилув қарори бекор қилинади ва иш умумий асосларда кўрилиши белгиланади.

Жорий йилнинг 9 ноябр куни ишни умумий асослар бўйича кўриб чиққан ФИБ Бекобод туманлараро суди судьяси Д.Эргашев прокурорнинг Ғ.Худойбердиевга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани буздириш ва ер майдонини давлат тасарруфига қайтариш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантиришдан рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

Шу ерда эртак ниҳоясига етиши, тадбиркор қонуний тарзда сотиб олган ер участкасига эгалик қилиши мумкин эди.

Аммо, Бекобод прокуратураси бу «жанг»ни мағлуб ҳолда якунлагиси йўқ. Прокурор ҳал қилув қарори чиққанидан бир ҳафта ўтиб унинг устидан ФИБ Тошкент вилоят судига апелляция тартибида протест киритди.