2021 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида ҚҚС (15 фоиз), фойда солиғи (15 фоиз, алоҳида тоифалар учун 20 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи (2 фоиз), қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи (0,95 фоиз), ижтимоий солиқ (хўжалик юритувчи субъектлар - 12 фоиз ва бюджет ташкилотлари - 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ (базавий ставка 4 фоиз) ставкаларини сақлаб қолиниши назарда тутилади.

Шу билан бирга, 2021 йилги солиқ сиёсати Солиқ кодексининг тўғридан тўғри амал қилишини, экспорт қилувчиларни янада қўллаб-қувватлашни, солиқ юкининг адолатли тақсимланишини ва табиий ресурсларидан самарали фойдаланилиши оширилишини таъминлашни назарда тутувчи солиқ ислоҳотларини давом эттиришга қаратилган.

Қонун лойиҳасида Солиқ кодекси таркибига акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ставкаларини, шунингдек, ушбу ставкаларни қўллаш билан боғлиқ айрим нормалар киритилиши назарда тутилган. 2020 йил учун ушбу ставкалар Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни билан белгиланган эди.

2021 йил учун ушбу ставкалар қуйидаги тарзда ўзгартирилди:

а) акциз солиғи бўйича импорт ва ишлаб чиқариш учун акциз солиғи аксарият ставкаларини тенглаштириш назарда тутилади. Шу билан бирга, мутлақ миқдорда белгиланган акциз солиғи ставкалари индексация қилинган

(2020 йил 1 апрелдан уларнинг назарда тутилган индексациясини бекор қилинганини ҳисобга олган ҳолда).

Шу муносабат билан, акциз солиғи ставкалари 2021 йил 1 февралдан бошлаб индексация қилинмоқда. Бунда, алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан пивога, шунингдек, тамаки маҳсулотлари учун 2 босқичда: 2021 йил 1 февралдан бошлаб - 2020 йилда уларни индексация қилиниши рад этилганлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳамда 2021 йил 1 сентябрдан - ўртача 7,5 фоизга индексация қилинмоқда.

Импорт бўйича 73та товар позициясига акциз солиғини бекор қилиш таклиф этилмоқда, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари (20 турдаги товарлар (шарбатлар, пишлоқ, творог, маргарин, унли қандолат маҳсулотлари, колбаса ва шунга ўхшаш гўшт маҳсулотлари ва ҳ.к.)), электротехника товарлари бўйича (35 турдаги товарлар (музлатгичлар, телевизорлар, газ плиталари, чангютгичлар, кир ювиш машиналари ва ҳ.к.)) ва ҳ.к. Бу тадбиркорлик субъектларига тенг шароитларни таъминлашга имкон беради.

Мобил алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шаxслар учун мобил алоқа xизматлари учун акциз солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилмоқда.