Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Галина Каримовна Саидова Франциянинг La Tribune нашрида «Узоқ Шарқ»да коронавирусдан кейинги тикланиш йўлидаги ислоҳотлар» сарлавҳали мақоласини эълон қилди.

Галина Саидова

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда бошланган ислоҳотлар Ўзбекистонни мисли кўрилмаган ўсиш йўлига олиб чиқди. Советлар давридан мерос қолган аввалги иқтисодий модел иқтисодий турғунликка олиб келганини англаган ҳолда мамлакат мавжуд маблағларни иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ислоҳотлар ўтказишга йўналтирди.

Шу тариқа, пул ислоҳоти бурилиш нуқтасини белгилайди. Аввалги модел ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан курсини икки ёки ҳатто уч баробарга ошиши тизимига олиб келган, қора бозор ва соядаги иқтисодиётни рағбатлантирган бўлса, хорижий валютани сотиб олишга бўлган чекловларнинг олиб ташланиши, шунингдек, хориж валютасида банк кредитлари олиш имконияти корхоналар ўртасидаги рақобат шароитини сезиларли даражада яхшилаб, мамлакатни хорижий инвестициялар учун очди.

Солиқ тизимидаги кўплаб ўзгаришлар, шу жумладан, йирик компаниялар учун солиқлар кескин камайтирилиши ҳам ишбилармонлик муҳитини таъминлади, бу орқали шундай компаниялар ўз молиявий барқарорлигини яхшилаб, кенг кўламли хусусий инвестициялар учун ресурсларни бўшатиш имконига эга бўлишди.

Соғлом иқтисодий база барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда, мамлакатнинг асосий саноат тармоқларини жадал модернизациялашни қўллаб-қувватлаш ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устунларидан биридир. Шундай қилиб, газ ва кимё саноати, металлургия ва электротехника соҳаларида инвестиция лойиҳалари рағбатлантирилмоқда: фақат 2020 йилнинг ўзида 730 МВт электроэнергия ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ишга туширилди, параллел равишда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ишлари амалга оширилмоқда. COVID19 пандемияси бошлангач, пул ўтказмалари 19 фоизга камайганига қарамасдан февраль ойидан буён ижтимоий нафақалар миқдори 17 фоизга ва энг кам иш ҳақи миқдори 10 фоизга оширилиши истеъмол талаби сақланиб қолишига ёрдам берди.

Саноат соҳаси билан узвий боғланган қишлоқ хўжалигини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди: янги ислоҳотларнинг муҳим қисми Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини баҳолашга қаратилган. Бунда пахтачилик синов сифатида хизмат қилди: эндиликда Ўзбекистонда пахтани етиштиришдан ташқари уни қайта ишлаб, тола, ип, мато, сўнг тайёр маҳсулот ҳам тайёрланиши мумкин. Бутун ишлаб чиқариш цикли учун масъулиятни зиммасига олган кластерлар саноат ва қишлоқ хўжалигида рақобатбардошлик пайдо бўлишига олиб келди, учинчи сектор ҳам бу жараёнда наф кўради: биз ишлаб чиқариш занжиридаги кўплаб ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий алоқалар ривожланганига гувоҳ бўлдик. Эндиликда барча қишлоқ хўжалиги материаллари ушбу ташкилий схемани такрорлайди.