Ўзбекистон президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Галина Саидова Тошкент инвестиция форумидаги нутқи юзасидан иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов, Ботир Қобилов ва Отабек Бакиров билдирган фикрларга муносабат билдирди. У ўз муносабатини Gazeta.uz'га тақдим этган.

Саидова 24 март кунги нутқида савдони либераллаштириш йўлидаги тўртта рискни санаб ўтган, иқтисодчилар бу аргументларни “сунъий равишда ўйлаб топилган қийинчиликлар” деб атаганди. Маслаҳатчи ўринбосари бу танқидларга қаратилган жавобини “Халқаро инвестиция форумидаги нутқ мазмуни ҳақидаги афсоналар ва ҳақиқат” деб номлаган.

Қайд этиш лозим, Президент администрацияси вакилининг баҳсли фикрлари (видео) “Савдони либераллаштириш ва иқтисодий интеграция” номли панел муҳокамасида модераторнинг саволига жавобан янграган эди. Савол шундай бўлганди: “Биз [ушбу форумда] ислоҳотларнинг тез суръатлари ва савдони тезроқ эркинлаштириш зарурлиги ҳақида эшитдик. Ислоҳотларнинг жадал суръатлари қандай хавф-хатарларга олиб келиши мумкин деб ўйлайсиз? Шу билан бирга, сўрамоқчиман, ислоҳотлар тезроқ амалга оширилмаслигининг тўлови қанча?”

Gazeta.uz Галина Саидованинг жавобини кичик қисқартиришлар билан эълон қилди.

Галина Саидова: Халқаро инвестиция форумидаги нутқ мазмуни ҳақидаги афсоналар ва ҳақиқат

Ҳурматли таҳририят!

Тошкент халқаро инвестиция форумининг панель сессияларидан биридаги нутқим нашрингиз ўқувчилари ва иқтисодчилари (таҳририят эслатмаси: улар нашрнинг иқтисодчиси эмас, уларнинг фикрлари ўз блогларида эълон қилинган) орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди, эҳтимол бу модератор томонидан берилган саволларнинг долзарблиги билан боғлиқдир.

Протекционизмга қарши кураш ва ташқи савдони либераллаштириш бозор иқтисодиёти тамойилларидан биридир. Унинг ижобий таъсири макроиқтисодиёт бўйича ҳар қандай дарсликда батафсил ёритилган ва форумда иштирок этган профессионал аудитория учун такрорий тезислар сифатида қизиқ бўлиши қийин.

Бироқ, ҳозирги халқаро ташқи савдо алоқаларини юзаки таҳлил қилиш ҳам шуни кўрсатадики, дарсликдаги нормалар ҳеч бир давлатда бевосита ишламайди: ривожланганларида ҳам, ривожланаётганларида ҳам. Объектив ва субъектив сабабларга кўра юзага келадиган кўплаб қўлланиладиган протекционистик чоралар ва протекционистик урушлар уларнинг манбаларини тушуниш, уларни бартараф этадиган ёки ҳеч бўлмаганда юмшатишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қўллаш учун доимий таҳлилни, пухта ўйланган ва пропагандага асосланмаган ёндашувни талаб қилади.