Навоийдаги «Имом Ҳасан–Имом Ҳусайн» масжидида ёнғин юз берди. Масжид намоз ўқишга яроқсиз ҳолга келиб қолди
Шу йилнинг 28 ноябр куни Нурота туманининг Деҳибаланд қишлоғида жойлашган «Имом Ҳасан–Имом Ҳусайн» масжидида ёнғин келиб чиққан.
Нурота тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, подполковник Нусрат Муҳиддиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ёнғин келиб чиқишига ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган. Кучли шамол натижасида электр энергияси тармоғида қисқа туташув юзага келган.
«Воқеа жойига тезда етиб бориб, ёнғинни бартараф қилдик. Аммо масжиднинг айвон қисмига зарар етди. Масжид ёнидаги «Имом Ҳасан, Имом Ҳусан» зиёратгоҳига ёнғин ўтмаган. Жабрланган фуқаролар йўқ», — дейди Муҳиддинов.
Масжид имом ноибининг Kun.uz'га маълум қилишича, ёнғин оқибатида масжиднинг ҳолати намоз ўқишга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу сабабли ҳозирда қишлоқ аҳолиси масжидни қайта қуриш учун ижтимоий тармоқларда гуруҳ очиб, хайрия тадбирларини бошлаб юборишгани айтилмоқда.
Kun.uz яқин кунларда ушбу хайрия тадбирини ёритиб чиқишни режалаштирмоқда.