«Давлат идоралари журналистлар уларнинг душмани эмаслигини тушунишлари керак» — Гулноза Ҳусанова
UzReport телеканали бош муҳаррири Гулноза Ҳусанова бугунги кунда журналист ва блогерлар томонидан жамиятдаги долзарб муаммолар кўтарилаётгани ҳақида айтиб, матбуот эркинлиги сари жараёнлар бошлангани, энди ортга йўл йўқ эканини таъкидлади.
«Ҳозир сўз эркинлиги ҳақида жонли эфирда гапиряпмиз. Аввал бунақаси бўлмаган. 11 йилдан бери UzReport’да ишлайман. Матбуот овози бўғилган, журналистларнинг овози ўчирилган, оммавий ахборот воситалари цензура қилинган пайтларда ишлаганман. Кўрсатув эфирга берилишига 2-5 дақиқа қолганида кўрсатувлар эфирдан олиб қўйилганига ҳам гувоҳ бўлганман.
Тўғрисини айтаман, бу кунларни биз журналист, блогерлар орзу қилганмиз. Ёш журналистларга бизнинг ишлайдиган вақтимиз энди келганини айтаман.
Эътибор қилган бўлсангиз, ҳозирда журналистларнинг тили, тиши анча ўткир. Шундай муаммоларни кўтаришяптики, ҳукумат шундан кейин ўз қарорларини ўзгартиришга мажбур бўляпти. Назаримда, бу - ўзбек журналистикасининг энг катта ютуғи. ОАВ, блогер, журналистларимиз жамиятнинг ривожи йўлида ғов бўлаётган турли тўсиқлар, масалан, бюрократия, тамагирлик, коррупция мавзуларини кўтаришяпти ва ўз вазифасини бажара олмаган мутасаддиларни қўрқмасдан, дадил танқид ҳам қилишяпти.
Аминман, бу очиқлик сиёсатига кўника олмаган, мослаша олмаган айрим раҳбарларга, мутасаддиларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Лекин буёғига энди орқага қайтиш йўқ. Биз ҳозир сўз эркинлигини энди ҳис қиляпмиз. Тўғри, хатолар ҳам бўлиши ҳам мумкин, лекин ишламаган хато ҳам қилмайди», деди Гулноза Ҳусанова Халқаро пресс-клубнинг «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари» мавзусига бағишланган давра суҳбатида.
У муаммолар журналист, блогерлар томонидан кўтарилмаса, улар ҳеч қачон ҳал бўлмаслигини айтиб ўтди.
«Биз биламиз, сўз эркинлиги хоҳлаган нарсани айта олиш дегани эмас. Бу энг аввало масъулият. Буни журналистлар ҳам, блогерлар ҳам ҳис қилиб туришибди. Агар ҳозир биз ахборотни вақтида, тезкор бермасак, интернет ривожланган, одамлар бу ахборотни истаган жойидан олади.
Шунинг учун ҳозир давлат идоралари ҳам тушуниши керак: журналистлар уларнинг душмани эмас. Биз ҳам ривожланган давлатда яшашни истаймиз. Агар биз ҳозир муаммоларни кўтармасак, муаммолар ҳеч қачон ҳал бўлмайди.
Бугунги журналистика очиқликсиз ишлай олмайди, яшай олмайди. Шахсан ўзим президент Мирзиёевнинг энг катта ютуғи – сўз эркинлигини таъминлагани деб биламан. Ўзбекистон ёпиқ давлатдан очиқ давлатга айланди. Буни халқаро ҳамкорларимиз ҳам ҳар доим эътироф этишади. Бу жараёнлар бошланди, энди ортга йўл йўқ. Энди журналистларнинг ҳам чекинишга ҳаққи йўқ», деди Гулноза Ҳусанова.
Мавзуга оид
19:55 / 06.08.2024
Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари
20:01 / 26.06.2024
Шавкат Мирзиёев: “Танқидий материаллар мудраб ўтирган мутасаддиларни уйқудан уйғотмоқда”
14:38 / 31.05.2024
"ОАВни янада эркин қилиш борасида катта режаларимиз бор" - Комил Алламжонов
13:46 / 23.05.2024