Ўзбекистон | 17:58 / 03.12.2020
7974
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz'даги танқиддан сўнг Ургутда давлат аҳамиятидаги йўлда таъмирлаш ишлари бошланди

1 декабр куни Kun.uz'да «Ургутдаги йўл носозлиги одамлар ўлимига сабаб бўлмоқда. Йўл қачон таъмирланади?» сарлавҳаси билан танқидий мақола берилган, унда Ургутда ҳайдовчилар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланиши учун ноқулайлик туғдираётган йўлнинг ҳолати ҳақида сўз юритилган эди.

Самарқанд вилоят автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси ахборот хизмати, кеча 2 декабрдан бошлаб мақолада тилга олинган давлат аҳамиятидаги «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг Ургут-Жумабозор қисмида таъмирлаш ишлари бошланганини маълум қилди.

«Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов томонидан 2020 йил 26 ноябр кунидаги «2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ишларини жадаллаштириш тўғрисида»ги 28-сонли йиғилиш баёнига асосан, Ургут туманидаги 4Р50 «Тойлоқ – Ургут» автомобил йўлининг 12-24 километрлари оралиғини жорий таъмирлаш бўйича 2,0 млрд.сўм маблағ ажратилиши белгиланган эди.

Жорий йилда Ургут туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 500 миллион сўм маблағ ҳисобига Тойлоқ – Ургут йўлининг Ургут шаҳридан бошланган қисмидаги таъмирталаб бўлган жойларига асфальт ётқизилган.

2 декабр куни Ургут туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан мазкур йўлнинг носоз бўлган 12-24 километрлари оралиғини таъмирлаш ишлари бошланди. Яқин кунларда йўл тўлиқ таъмирланиб, унда автотранспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракати таъминланишини ҳамда аҳолига қулай шарт-шароитлар яратилишини маълум қиламиз.

Ҳозирда, ушбу автомобил йўлининг таъмирланаётган қисмида ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида, йўл носозлиги ва таъмирланаётганлиги хақида тегишли йўл белгилари ўрнатилган», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид