Оққўрғон масжиди имом хатиби Рустамжон домла Ҳамидов туман ҳокими Жасурбек Абдурайимов билан ҳамкорликда кўплаб мана шундай хайрия лойиҳаларини ташкил этиб келмоқда.
Бундай хайрли ишларни эътироф этган ҳолда, ибрат намунаси сифатида кенг жамоатчиликка хабар беришни лозим топдик.


Шу мақсадда лойиҳа ташкилотчиси – Оққўрғон масжиди имом хатиби Рустамжон домла Ҳамидов билан бирга 500 та муҳтож оилага 1 тоннадан кўмир тарқатиш жараёнида қатнашдик.
Мазкур хайрли ишга жуда кўплаб саховатли инсонлар ҳисса қўшмоқда. Турли ёшдаги ўнлаб кўнгиллилар келтирилган кўмирларни саралаш, қоплаш ва эгаларига етказиб беришда холис ёрдам бераётганига гувоҳ бўлдик.


Рустамжон домла Ҳамидовнинг айтишича, боқувчисиз қолган оилалар рўйхатидаги 500 та оиланинг аксарияти қишлоқларда яшайди.
«Бу оилаларни қишнинг совуқ кунларида кўмир ва бошқа иситиш билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишга баҳоли қудрат ҳаракат қиляпмиз. Боқувчисиз қолган болажонлар яшаётган хонадонларга кўмир етказиб берсак, марра бизники. Лекин бу ишларимиз мақтанишга арзимайди деб биламан. Хайрия ишларимиз саховатли инсонларнинг кўмаги билан бўляпти.


Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Қайси бир одам бошқа бир биродарини ташвиши билан юрар экан, ундаги ғамни аритмоқчи бўлар экан, Аллоҳ бу одамнинг ташвишини аритади». Шу кунларда карантин, совуқ сабабли қийналган одамлар кўп. Қийналган инсонларга ёрдам берайлик. Шунда Аллоҳ бизга ёрдам беради», – дейди Рустамжон домла.










