

Гулмира Абдухалилова бир неча йил аввал турмуш ўртоғи билан ажрашгач, ҳеч нарсасиз кўчада қолган. Никоҳ норасмий экани, қолаверса, қонун-қоидалар, эр-хотин ўртасидаги мулк тушунчаларидан мутлақо бехабар аёл бугун бу масалаларда ҳеч кимга даъво қила олмайди. Бир сўз билан айтганда, собиқ турмуш ўртоғидан келадиган ёрдамдан умид йўқ. У ҳақдаги гаплар энди «эски тарих». Эркакнинг ўз муаммолари бор.
Аёл йиллар давомида ижара уйларда яшаб юрган. Пандемия даврида меҳнат қилиб даромад топишнинг мутлақо имкони қолмагач, юмшоқ қилиб айтганда, ижара уйдан «қувилган».
«Оч қолдингми бозорга, кўзингни ёғ босдими мозорга бор», дейишади. Гулмира опа ҳам шундай қилди – бозорга бориб бир неча кун очиқ айвон остида ўғли билан тунаб қолди. Секин-аста карантин чекловлари енгиллашгач, деҳқон бозорда яна савдо-сотиқ бошланди. Ҳўл мева савдоси билан шуғулланадиган хотин-халажлар вояга етмаган фарзанди билан бозорда тунаб қолаётган аёлга раҳми келди, «нонига шерик қилишди». Ўзлари олиб келиб сотадиган ҳўл меваларни Гулмира опага арзонроқ нархда, насияга беришди. Аёл эса ўғли билан биргаликда бозорчи аёллардан олинган маҳсулотнинг устига озроқ фойда қўйиб, кун кечира бошлади.


Музқаймоқ савдоси бироз енгиллашган тадбиркор ўз дўконини она-болага берди (Иссиқ кунлар келгунча албатта). Айни кунларда, бир муддат олдинги аччиқ совуқда ҳам улар деҳқон бозор ичидаги шу дўконда жон сақлашди. Қўлбола иситкич печдан фойдаланишади. Бу дўкон кундузи омборхона, кечаси уларга бошпана вазифасини ўтамоқда.
Ҳаммом ва ҳожатхона муаммосини эса тасаввур қилаверинг...
Дарвоқе, гап аёлнинг ночорлигида эмас. Айтмоқчи бўлганимиз, унинг шу кўйга тушишига сабаб бўлган бошқа омилларда. Ҳокимлик ва бошқа идораларнинг мана шундай шароитда яшаб келаётган аёлга бўлган муносабатида ҳам.
Бундан бир неча йил олдин аёл машаққат билан йиққан пулига туман марказидан ер сотиб олган. Амаллаб, яхшилар кўмаги билан ана шу ерга уй солиш учун пойдевор ҳам қурган. Аммо маълум вақт ўтиб, Иштихон тумани ҳокимлиги вакиллари аёлга бу ерда қурилиш қилиш мумкин эмаслигини айтган. Аёлнинг уй учун қурган пойдеворини махсус техника билан бузиб ташлашган.























