Улар кўзингизга тик боқишмайди, камдан кам кулишади. Атрофга бефарқдек, лекин уларда катта истеъдодлар яширин. Улар – ёмғир болалари.
Улар жуда меҳрибон, сабрли ва оқкўнгил. Ҳеч қачон ёлғон гапиришмайди, ҳаммани бирдек яхши кўришади. Ўз оламларида яшашади. Улар – қуёш болалари.
Аутизм ва Даун синдроми – руҳий имконияти чекланганликнинг энг кўп учрайдиган шаклларидан бири.
Бундай ташхис қўйилганлар кўпинча ўз оламида яшайди, ўзига хослиги боис жамиятдан узилиб қолади. Аммо яккаланиб қолиш ёки фақатгина ўзига ўхшаганларнинг қуршовида қолиш Даун синдроми ва аутизмнинг янада оғирлашишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис имконияти чекланганларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ҳақида кўп гапирилади. Лекин жамият уларнинг ҳуқуқлари ва ҳиссиётларига дахл қилмаган ҳолда мулоқотга киришишга тайёрми?
Руҳий имконияти чекланган инсонлар билан мулоқотда унинг нималарни ҳис қилиши, сизни, дунёни қандай кўришини билиш муҳим. Улардаги ғайриодатий ҳаракатларга нима сабаб бўлишини билиш уни тушуниш ва ғамхўрлик қилишда биринчи қадам бўлади.
Ёмғир болалари
Аутистик спектрдаги бузилишлар билан кечувчи синдром – аутизм боланинг ижтимоий ҳаётга мослаша олмаслиги билан кечади. Бу касаллик эмас, уларнинг энг асосий ўзига хослиги шундаки, реалликни бошқача кўради, эшитади, сезади.
Улар одатда иқтидорли, ижодкор бўлишади. Шу боис ҳам ёмғир болалари деб ном берилган.
Ёмғир болалари билан мулоқотда қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш муҳим:
Инсон овозини бошқа товушлардан ажрата олишмайди. Генетик бузилишлар боис уларнинг мияси ўта фаол даражада бўлади, шу боис ташқи дунёдан қабул қилинаётган маълумотларни бир-бирига улашга ва яхлит манзара ҳосил қилишга улгурмайди. Дунёни бўлакларга бўлинган ҳолда ва қоришиқ қабул қилишади.
Дейлик, бола қалам ва юқорига кўтарилган бармоқни чалкаштириб юбориши мумкин. Унинг учун инсон овози бошқа товушлардан фарқланмайди, шу боис чақирганда ҳам ўз исмига реакция билдирмаслиги, аммо кўчадаги машина товушига сесканиб кетиши мумкин.
Сезгилар ўзаро боғланмаган. Соғлом инсонда турли сезги органлари ташқаридан қабул қилган ахборотларни асаб тизими ягона манзарага бирлаштиради. Аммо ёмғир болаларида ундай эмас. Ҳид билиш, таъм, кўриш, эшитиш ва тактил сезги орқали қабул қилинадиган ахборот уларда занжир каби бир-бирига боғлиқ эмас, балки бир-бирига цемент билан мустаҳкамланмай, устма-уст терилган ғиштларга ўхшайди. Қўққисдан жисмоний ҳолат ўзгарса, боланинг ҳожатга чиққиси келиб қолса, баланд товуш янграса, бу ғиштлар тўрт томонга сочилиб кетади ва мавҳумлик пайдо бўлади, натижада бола ваҳимага тушади.

















