Шаҳрисабз шаҳар Боғи баҳор маҳалласи, Фусункор кўчасида жойлашган 67-кўп қаватли уйда бугун муаммолар бисёр. Тўрт қаватли бу уйнинг томи мутлақо яроқсиз аҳволга келган. Ертўласи ва йўлаклари ҳам таъмирталаб бўлган. Бундан ташқари, мазкур уй 2012 йил Шаҳрисабз шаҳрини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланганда табиий газдан ҳам узиб ташланган. Аҳоли ўшандан буён минг бир азобда газбаллонлардан фойдаланиб келмоқда.

Таҳририятга навбатдаги мурожаат Шаҳрисабз шаҳридан бўлди. Унда шаҳарнинг Боғи баҳор маҳалласи, Фусункор кўчасида жойлашган 67-кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи аҳоли мутлақо шароит бўлмаган кўп қаватли уйда, оғир аҳволда яшаётганларини, маълум қилишган. Мурожаатда ёзилишича, бугун улар яшаётган 4 қаватли уйнинг томи, ертўласи, йўлаклари ва ташқи кўриниши жуда аянчли кўринишга келган.

Айниқса, уйнинг том қисми яроқсиз аҳволга тушиб, ёғингарчиликда ундан оққан сув нафақат тўртинчи қаватдаги хонадонларни, балки учинчи ва иккинчи қаватдаги хонадонларга ҳам оқиб тушган.

Бундан ташқари, мазкур 67-кўп қаватли уй бундан саккиз йил аввал, 2012 йилда Шаҳрисабз шаҳрини қайта реконструкция қилиш бошланганда табиий газ тармоғидан узиб ташланган. Шундан сўнг чорасиз қолган одамлар газбаллонлар сотиб олиб ишлата бошлаган. Орадан бирмунча вақт ўтгандан сўнг кимларгадир шаҳар газ идорасидан газбаллон берилган. Ўшандан буён мазкур уйда яшовчилар газбаллонлардан фойдаланиб келмоқда.

Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, улар бир неча йилдан буён ўзлари дуч келаётган муаммолар юзасидан кўплаб мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган. Аммо уларнинг дардини эшитадиган, муаммоларни ҳал қиладиган ташкилот топилмаяпти.
Шундан сўнг, 67-уйда яшаётган аҳоли муаммолари бўйича Шаҳрисабз шаҳар коммунал бўлими бошлиғи Азамат Рустамовдан изоҳ сўрадик. У Фусункор кўчасида жойлашган 67-кўп қаватли уйдаги муаммоларнинг барчасидан хабардор эканини билдирди. Азамат Рустамовнинг айтишича йил бошида 67-уй капитал таъмирлаш режасига киритилган. Аммо жорий йилда кузатилган пандемия режаларни вақтида бажаришга имкон бермаган. Шу туфайли 67-уйни капитал таъмирлаш келгуси йилга кўчирилган.





















