Ўзбекистонлик бир гуруҳ зиёлилар умумтаълим мактабларидаги ўқув йили тақвимини ўзгартиришни таклиф этмоқда. Таклиф ташаббускорларнинг Telegram'да ташкил этган «Илм-фан ва таълим» каналида эълон қилинган.
Фаолларнинг сўзларига кўра, кўплаб ривожланган давлатларда мактаблардаги ўқув йили бошланиши, таътил кунлари ва дарс машғулотлари давомийлигининг белгиланиши асосан таълим мақсадларидан, ташкилий масалалардан ҳамда иқлим шароитларидан келиб чиқиб амалга оширилади.
«Умумтаълим мактаблари ўқувчилари, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг куз-қиш мавсуми даврида ўқув машғулотларига қатнашидаги қатор ноқулайликларни ўқув йилининг бошланиши, тугаши ҳамда таътил кунларининг муддатини ўзгартириш ва дарс машғулотлари давомийлигини қисқартириш орқали сезиларли даражада бартараф этиш мумкин.
Республикамиздаги 10 мингга яқин умумтаълим мактабларининг аксарияти қишлоқ ҳудудларда жойлашгани, ушбу мактабларга 3 км радиусда жойлашган хонадонлардан ички йўлларнинг ҳозирги ҳолатида қиш кунларида, ёғингарчиликлар даврида ҳам ўқувчиларнинг, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг пиёда қатнаб ўқиётгани, бу даврда ўқувчилар касал бўлишларининг кескин кўпайиши, умумтаълим мактабларининг марказий иситиш тизимларига уланмагани ҳамда куз-қиш мавсумида иссиқлик ва электр-энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиб кетиши натижасида энергия танқислиги вужудга келиши, таълим муассасаларини куз-қиш мавсумида иситиш учун ва электр энергияси учун, жумладан, кўмир сотиб олиш учун давлат бюджетидан 80–100 млрд сўмга яқин маблағлар сарфланаётгани масаланинг долзарблигини кўрсатади», – деб ёзади таклиф матнида.
Ташаббускорлар гуруҳи қуйидаги таклифларни илгари сурган:
- Ўқув йилининг бошланишини 2 сентябр куни ўрнига 26 август, тугашини эса 25 май ўрнига 31 май деб белгилаш;
- Ўқувчилар учун амалдаги 4–9 ноябр, 28 декабр–10 январ, 21–27 март кунларидаги таътил кунлари ўрнига 25 декабрдан 2 февралгача қишки таътилни жорий этиш;















